date
views 84

Тошкентда йўл ўртасидаги биринчи тезюрар йўлак қурилиши бошланади

Тошкентда йўл ўртасидаги биринчи тезюрар йўлак қурилиши бошланади
Тошкент шаҳри Яккасарой тумани марказидан ўтувчи Шота Руставели кўчасининг бошидан охиригача автобусларнинг тезкор ҳаракатланиши учун BRT (bus rapid transit) йўлаги қурилади.

Kun.uz'нинг Тошкент шаҳар ҳокимлигидаги манбасига кўра, ҳозирда Шота Руставели кўчасида мавжуд “А” ҳарфли махсус йўлаклар йўлнинг четидан ўрта қисмига кўчирилади.

Йўл ўртасидаги тезкор йўлак узунлиги қарийб 6,5 км бўлади: Grand Mir меҳмонхонаси қаршисидаги чорраҳадан бошланиб, Чоштепа кўчасининг бошланиш қисмигача (халқ тилида “Ўзгариш” чорраҳаси) давом этади.

Қурилиш ишлари 1 июндан бошланиб, 1 сентябргача давом этиши белгиланган.

Лойиҳани пойтахт ҳокимлигининг “Тошкент инвест” компанияси ва China State Construction Engineering корпорацияси амалга оширади. Лойиҳа қиймати маълум эмас.

Ҳокимлик айни шу масала юзасидан 20 май куни матбуот анжумани ўтказади. Унда ЙҲХБ, транспорт бошқармаси, “Тошкент инвест”, TIK Engineering Group ва CSCEC лойиҳа ташкилотлари вакиллари қатнашади.

Маълумот учун, шаҳарнинг марказий кўчаларида тезкор автобус йўналишлари (BRT) ташкил этиш президентнинг 2024 йил 24 сентябрдаги 338-сонли қарорида белгиланган.

Эслатиб ўтамиз, 2024 йил ноябр ойида Тошкент шаҳар ҳокимлиги China State Construction Engineering корпорацияси билан салкам 1 млрд долларлик шартнома имзолаган эди.

Тендерсиз тузилган келишув 300 млн долларга Тошкент шаҳри йўл инфратузилмасини реконструкция қилиш ва модернизациялаш, 259 млн долларга кўприкларни лойиҳалаш ва қуриш ҳамда 440 млн долларга йирик турар жой мажмуаси қуришни кўзда тутади.

2022 йилда Шота Руставели кўчасида трамвайни тиклаш режалари ҳақида хабар берилганди.

Фото: Ижтимоий тармоқлар
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Тошкентда йўл ўртасидаги биринчи тезюрар йўлак қурилиши бошланади