
Ижтимоий тармоқларда Хоразм вилоятининг Боғот туманидаги уйлардан бирига осмондан тушган жисм, эҳтимол, астероид сабаб бўлган бўлиши мумкинлиги ҳақидаги видео кенг тарқалди. Видеолавҳада ҳодисадан аввал кучли зарба овози эшитилгани, натижада уйнинг кириш қисми, яъни даҳлизининг шифти қулаб тушиб, тешилгани аниқ кўринади.
Бироқ Хоразм вилояти Фавқулодда вазиятлар бошқармаси бу хабарларни расман рад этди. Бошқарма маълумотига кўра, воқеа 12 май куни соат 3:39 да Боғот тумани Юксалиш маҳалласида содир бўлган. Уйнинг даҳлизидаги тахминан 10 кв метрлик том қисми қулаганлиги ҳақида хабар тушган ва зудлик билан воқеа жойига Ички ишлар бошқармаси ҳамда Фавқулодда вазиятлар бошқармасининг махсус лаборатория хизматлари етиб бориб, текширув ўтказганлар.
Ўрганиш ишлари натижасида ҳодиса жойида ҳеч қандай фазо жисмлари ёки портловчи моддаларнинг қолдиқлари топилмаган. Шу билан бирга, хонадонда икки дона пропан газ баллони мавжудлиги ҳам аниқланган. Бундан ташқари, дастлабки текширув хулосаларига кўра, уйда пропан газ баллонидан газ сизиб чиқиши ва тўпланиши сабабли чақнаш содир бўлган бўлиши мумкинлиги айтилмоқда.
Фавқулодда вазиятлар вазирлиги матбуот хизматининг берган маълумотга кўра, ҳозирда воқеанинг аниқ сабабларини аниқлаш учун махсус экспертиза тайинланган. Вазирлик вакили, портлаш турига кўра газнинг сизиб чиқиб, хонага тўплангани ва чақнаш натижасида шифтининг юқорига қараб парчаланган бўлиши мумкинлигини таъкидлади.
Ҳодиса пайтида уй эгалари ташқарида ухлаб ётганлиги сабабли тан жароҳати олганлар ёки жабрланганлар йўқлиги хабар қилинган.
Шундай қилиб, расмийлар ва мутахассислар ушбу ҳолатнинг астероид ёки бошқа фазовий объект билан боғлиқ эмаслигини, балки уйдаги газ баллони билан боғлиқ хавфсизлик талабларига амал қилинмаганлиги эҳтимоли борлигини урғулашмоқда. Бу ҳолат яна бир бор аҳолига газ жиҳозларидан фойдаланишда максимал даражада эҳтиёткор бўлиш ва хавфсизлик қоидаларига қатъий амал қилиш лозимлигини эслатиб ўтди. «Замин»ни Telegram’да ўқинг!
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг Мавзуга оид янгиликлар