date
views 440

Самарқандда 19 ҳоким ёрдамчиси коррупция сабаб жиноий жавобгарликка тортилди!

Самарқандда 19 ҳоким ёрдамчиси коррупция сабаб жиноий жавобгарликка тортилди!
Самарқанд вилоятида ҳоким ёрдамчилари ўртасида коррупция ва манфаатлар тўқнашуви билан боғлиқ жиддий жиноятлар аниқланди. Бу ҳақда вилоятда Коррупцияга қарши курашиш ҳудудий кенгашининг навбатдаги йиғилишида маълум қилинди.

Расмий маълумотларга кўра, жорий йилнинг биринчи чораги давомида коррупция ва манфаатлар тўқнашувига оид 3300 дан ортиқ ҳолат аниқланган. Бундай ҳолатларнинг катта қисми ҳисоботларга сохта ва қўшиб ёзишлар билан боғлиқ бўлган. Бу каби қалбакилаштириш орқали давлат бюджети маблағларидан 3 миллиард сўмдан ортиқ субсидия, кредит ва нафақа пуллари талон-торож қилингани маълум қилинди.

Қайд этилишича, коррупция билан боғлиқ ҳуқуқбузарликлар учун 80 нафардан ортиқ ҳоким ёрдамчиси ва бошқа масъул шахсларга нисбатан интизомий, маъмурий ва жиноий иш қўзғатилган. Уларнинг 19 нафарига эса жиддий жиноятлар содир этганликлари учун жиноий жавобгарлик чоралари кўрилган.

Жиноятларнинг энг кўп қисми Самарқанд шаҳри, шунингдек, Ургут, Иштихон ва Оқдарё туманларида содир этилгани аниқланган. Афсуски, маҳаллий ҳокимлик идоралари ва бандлик органлари томонидан жиноят ҳолатларига ўз вақтида хизмат текширувлари ўтказилмаганлиги вазиятнинг янада ёмонлашишига сабаб бўлган.

Бундан ташқари, вилоятдаги бандлик органлари ходимлари ҳам қонунбузарликларга қўл ургани аниқланди. Хусусан, «Ягона миллий меҳнат тизими» электрон платформаси орқали иш билан таъминланган ёки ўзини-ўзи банд қилган 155 нафар фуқарога асоссиз равишда базавий ҳисоблаш миқдорининг 30 баробаригача субсидиялар ажратилган. Бу каби ҳолатлар асосан Каттақўрғон шаҳри, Каттақўрғон, Нуробод, Нарпай, Жомбой, Оқдарё, Булунғур, Самарқанд ва Пайариқ туманларида кузатилган.

Шунингдек, ҳоким ёрдамчилари ва бандлик органларининг 12 нафар ходими, ҳамда 25 нафар ҳоким ёрдамчиси тадбиркорлик субъекти очиб, уни ўзлари бошқариб келганлиги, бу орқали манфаатлар тўқнашувига йўл қўйилганлиги ҳам таъкидланмоқда.

Ҳудудий кенгаш раиси Ш.Негматов йиғилишда таъкидлаганидек, аниқланган қонунбузарликларни тезкор равишда бартараф этиш, келгусида коррупцияга оид ҳар қандай муносабатларга тўлиқ чек қўйиш мақсадида масъуллар олдига жиддий вазифалар белгилаб берилди. Унинг сўзларига кўра, бу каби салбий ҳолатларнинг олдини олиш учун тизимли равишда иш олиб борилади ва бу жараёнлар қатъий назоратда бўлади.

Мазкур воқеалар кенг жамоатчиликнинг эътиборини жалб қилиши билан бирга, мамлакатимизда коррупцияга қарши кураш қанчалик жиддий ва муросасиз эканини яна бир бор намоён этмоқда.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Самарқандда 19 ҳоким ёрдамчиси коррупция сабаб жиноий жавобгарликка тортилди!