date
views 242

Қашқадарёда тарихий масжид АҚШ кўмагида қайта тикланди!

Қашқадарёда тарихий масжид АҚШ кўмагида қайта тикланди!
Қашқадарё вилоятининг Шаҳрисабз туманидаги машҳур ва тарихий аҳамиятга эга бўлган «Лангар ота» масжиди янгича кўринишда ташрифчиларни қабул қилишни бошлади. Бу муқаддас маскан XV асрда қурилган бўлиб, узоқ йиллар давомида таъмирталаб аҳволда қолган эди. Энди у ўзининг илк кўринишини тиклаб, яна сайёҳлар ва зиёратчилар учун очиқ.

Масжидни қайта тиклаш ишлари 2023 йилнинг кузида бошланиб, АҚШ элчисининг Маданий меросни асраш бўйича махсус жамғармаси томонидан тақдим этилган 250 минг АҚШ доллари маблағи ҳисобидан амалга оширилди. Лойиҳани АҚШнинг Чикаго университети олимлари ва маҳаллий мутахассислар ҳамкорлигида олиб борди.

Қайта тиклаш жараёнида масжиднинг асосий пештоқидаги ноёб кошинлар аниқлик билан қайта таъмирланди, пойдевор ва бинонинг умумий конструкцияси мустаҳкамланди, том қисми бутунлай янгиланди. Бундан ташқари, консервация ишларини амалга оширишда маҳаллий ёш мутахассислар тайёрланиб, келажакда улар ўз билим ва кўникмаларини бошқа тарихий объектларни қайта тиклашда қўллай олишади.

4 июнь куни бўлиб ўтган масжиднинг қайта очилиш маросимида Ўзбекистондаги АҚШ элчиси Жонатан Ҳеник ва Қашқадарё вилояти ҳокимлиги вакиллари иштирок этишди. Элчи ўз нутқида АҚШ ва Ўзбекистон ўртасидаги маданий ҳамкорлик натижасида бу ноёб тарихий обида яна кўп йиллар давомида авлодлар хотирасида сақланиб қолинишини таъкидлаб ўтди.

«Қўшма Штатлар ушбу муқаддас ва тарихий аҳамиятга эга бўлган масканни сақлаб қолишда кўмак кўрсатганидан фахрланади. Бу лойиҳа икки давлат ўртасидаги маданий ҳамкорликнинг ёрқин намунасидир. Эндиликда бу жой барча ташрифчилар учун очиқ ва улар тарихий муҳитдан баҳраманд бўлиш имконига эга», — деди элчи Жонатан Ҳеник.

Лангар ота масжиди нафақат диний ибодатгоҳ сифатида, балки бой тарихий меъморий обида сифатида ҳам юксак қадрланади. Унинг қўл меҳнати билан ишланган бетакрор ўймакор ёғоч устунлари ва кўзни қамаштирадиган кошинлари эса ўзига хос жиҳатларига киради.

Янгиланган ва янада мустаҳкамланган бу маскан юртимиз ва хорижий сайёҳлар учун Қашқадарёнинг машҳур сайёҳлик манзилларидан бирига айланиши шубҳасиз.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Қашқадарёда тарихий масжид АҚШ кўмагида қайта тикланди!