
Юртимиз бўйлаб гиёҳвандликка қарши кураш борасида қатъий чоралар кўрилмоқда. Айниқса, "Қора дори 2025" деб номланган тезкор профилактик тадбир доирасида бу борадаги назорат янада кучайтирилди.
Шу каби тадбирлардан бири Тошкент шаҳрининг Бектемир туманида амалга оширилди. Тумандаги Ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси тезкор қидирув гуруҳи ходимлари томонидан шубҳали шахслар тўхтатилиб, улар холислар иштирокида текширувдан ўтказилди.
Текширув натижасида ушланган фуқаролардан бири ёнидан оғриқли ҳидга эга бўлган, оқ рангли кукунсимон модда сақланган 17 дона изолентага ўралган кичик ўрамлар аниқланди. Улардан 16 таси сариқ, бири эса кўк изолентага ўралган бўлган.
Бундан ташқари, ушбу шахснинг телефонида гиёҳванд модда етказиб берувчи билан олиб борилган ёзишмалар аниқланган. Ушбу маълумотлар асосида етказиб берувчи шахснинг яшаш манзилида тинтув ўтказилди.
Хонадонда ўтказилган кўрикда жами 140 дона оқ-қизил капсула солинган 14 та кассета ҳамда 2 та шаффоф пакетга жойлаштирилган оғриқли ҳидли кукунсимон моддалар топилди.
Тайинланган экспертиза хулосасига кўра, дастлабки гумонланувчидан олинган моддалардан иккитаси кучли таъсир қилувчи моддалар тоифасига киради. Шунингдек, 16 дона ўрамдаги модда 5,94 грамм синтетик гиёҳванд модда экани тасдиқланган.
Хонадондан топилган капсулалар ва кукунлар ҳам кучли таъсир этувчи моддалар, иккита пакетдаги модда эса гиёҳвандлик воситаси экани аниқланган.
Мазкур ҳолат юзасидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 273-моддаси 5-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, айбланувчиларга нисбатан қамоққа олиш эҳтиёт чораси қўлланилди.
Ҳозирда ушбу иш бўйича дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда. Мазкур ҳолат ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан жиддий назоратга олинган. «Замин»ни Telegram’да ўқинг!
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг Мавзуга оид янгиликлар