date
views 83

Ўзбекистон ва Новосибирск туризм алоқалари янги босқичга чиқмоқда

Ўзбекистон ва Новосибирск туризм алоқалари янги босқичга чиқмоқда
Ўзбекистон ва Россиянинг Новосибирск вилояти туризм соҳасида ўзаро ҳамкорликни кучайтириш йўлида яна бир қадам ташлади. Мамлакатимиз Бош консулхонаси ташаббуси билан ташкил этилган онлайн учрашувда икки мамлакатнинг йирик туркомпаниялари, сайёҳлик агентликлари ва масъул ташкилотлар вакиллари қатнашди. Тадбир замонавий туризм алоқаларини янада ривожлантириш, янги лойиҳалар устида ҳамкорлик қилиш ва ўзаро тажриба алмашиш имкониятларини муҳокама қилишга бағишланди.

Учрашувда Новосибирск вилояти Иқтисодий ривожланиш вазирлиги, “Минтақавий ривожланиш маркази”, вилоят сайёҳлик ташкилотлари ассоциацияси вакиллари, ҳудуд туроператорлари, шунингдек, Ўзбекистон Туризм қўмитаси ва маҳаллий сайёҳлик компаниялари раҳбарлари иштирок этди. Новосибирск вилояти иқтисодий ривожланиш вазири ўринбосари, маркетинг, ташқи иқтисодий фаолият ва туризм департаменти бошлиғи Анна Винникова икки мамлакат туризм саноатидаги ҳамкорлик имкониятларини алоҳида таъкидлади.

Унинг фикрича, Новосибирскдан Ўзбекистонга саёҳат қилиш учун қулай шароитлар яратилган — ҳафтасига 10 дан ортиқ авиарейс амал қилади, россияликлар учун турли йўналишлар ва қизиқарли саёҳат дастурлари таклиф этилади. Ана шундай қулайликлар туфайли Россиядан келаётган туристлар оқими йил сайин ортиб бормоқда.

Вазир ўринбосари, Новосибирск вилояти бу йил Тошкентда бўлиб ўтадиган “Ипак йўлидаги туризм” халқаро сайёҳлик ярмаркасида алоҳида стенд билан иштирок этишини маълум қилди. Бу эса минтақа туризм салоҳиятини кенг намоён қилишга хизмат қилади.

Тадбирда томонлар икки мамлакат туроператорлари ўртасида алоқаларни жадаллаштириш, қўшма саёҳат дастурларини ишлаб чиқиш ва туристлар алмашинувини янада кўпайтириш бўйича таклифлар билан ўртоқлашдилар. Бу саъй-ҳаракатлар туризм салоҳиятини янада ошириш ва иккала давлат учун манфаатли лойиҳаларни амалга оширишга замин яратади.

Ўзбекистон Туризм қўмитаси вакиллари Россия мамлакатимиз учун стратегик туризм ҳамкори эканини қайд этиб, ҳар йили россиялик туристлар сони анъанавий равишда бошқа хорижий меҳмонларга нисбатан 1,5-2 баробар кўплигини эслатди.

Россия томони эса Ўзбекистонда мактаб ўқувчилари, пенсионерлар, ўқув, ишлаб чиқариш ва тижорат инфотурлари каби ривожланаётган йўналишларга катта қизиқиш билдирди. Жумладан, август ойида Новосибирсклик болалар учун мамлакатимиздаги ёзги оромгоҳлар, пенсионерлар учун эса Ўзбекистоннинг энг яхши шифохона ва курортларида дам олиш имкониятлари таклиф этилмоқда.

Шунингдек, россиялик ҳамкорларга “Ипак йўли” Халқаро туризм ва маданий мерос университети томонидан Россия талабалари учун туризм индустриясини чуқур ўрганишга хизмат қиладиган тўртта грант ажратилгани маълум қилинди. Бу эса икки мамлакат ўртасида билим ва тажриба алмашишни янада мустаҳкамлайди.

Шундай қилиб, навбатдаги мулоқот Ўзбекистон ва Новосибирск вилояти ўртасида туризм соҳасидаги ҳамкорлик алоқалари янги босқичга чиқиш арафасида эканини яна бир бор тасдиқлади. Ўзаро манфаатли лойиҳалар, қўшма дастурлар ва янгича ёндашувлар икки халқ ўртасида дўстона муносабатларни янада ривожлантириши шубҳасиз.

Фото: "Дунё" АА
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Ўзбекистон ва Новосибирск туризм алоқалари янги босқичга чиқмоқда