date

«Англияга ишга жўнатаман» деб 23 кишини алдаган фирибгар ушланди

«Англияга ишга жўнатаман» деб 23 кишини алдаган фирибгар ушланди
Бухорода юзага келган навбатдаги оғриқли воқеа кўплаб инсонларнинг ишончини суистеъмол қилган ёш тадбиркор ҳақида. Вобкент туманида туғилган, 22 ёшга ҳам тўлмаган Ш.И. ўз қишлоғида ҳавас уйғотган ёш тадбиркор сифатида танилган эди. У ташкил қилган «WTI» номли МЧЖ орқали одамларни Англияга ишга жўнатиш ваъдаси билан йирик миқдордаги пулларни ўзлаштириб келгани маълум бўлди.

Ёш раҳбар ўзини ишончли ташкилот сифатида кўрсатиш мақсадида, компанияси офисини Бухоро шаҳридаги савдо мажмуасида очиб, эшик пештоқига «Англияга ишга жойлашинг, пулга эга бўлинг!» деган шиорни илиб қўйган. Бу шиор фуқароларни ўзига тортиши ва кўпчиликни умидлантириши табиий ҳол эди.

Аммо компания фаолияти учун керакли бўлган, яъни фуқароларни чет элга ишга юбориш лицензиясига эга эмасди. Шунга қарамай, у 23 нафар фуқаронинг ҳар бирига Англиядаги “мукаммал” иш жойи ҳақида ваъда бериб, ўртача ҳар биридан минглаб долларларни олган.

Кўп ўтмай, алданган фуқароларнинг қўнғироқ ва талаблари кўпайган: “Ака, олти ойдан ошди, қаерда қолди Англия?”, “Йўқса устингдан арз қиламиз!”. Аммо фирибгар ўз “ишини” давом эттирган. Жалб этилган бошқа шахслар орқали ҳам пул йиғишда давом этган.

Фуқаро О.Ж.нинг шикоятидан сўнг ҳуқуқ-тартибот органлари суриштирув ишларини бошлаб, фирибгарнинг кирдикорларини фош этишди. Суд-тергов жараёнида барча ҳолатлар ўз тасдиғини топди.

Натижада, суд томонидан Ш.И. Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 168-моддаси, 3-қисми “б” банди (фирибгарлик, йирик миқдорда) билан 6 йилга озодликдан маҳрум этилди.

Бу воқеа яна бир бор исботлайдики, хорижга ишга жўнатиш билан боғлиқ ваъдаларга югурмасдан аввал, ҳар қандай ташкилотнинг ҳуқуқий мақомини, лицензияси ва ишончлилигини синовдан ўтказиш лозим. Ишонч — энг катта бойлик, уни ҳар кимга топширманг.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » «Англияга ишга жўнатаман» деб 23 кишини алдаган фирибгар ушланди