
Жорий йилнинг 10 июль куни Учкўприк туманида Мажбурий ижро бюроси ходимларининг ташаббуси билан бир олам умид, бир олам имкониятлар эшиги очилди.
Бу шунчаки меҳнат ярмаркаси эмас, балки ҳаётнинг оғир синовларидан ўтаётган, эртанги кунга умид билан боқаётган ишсиз фуқаролар, хусусан, фарзандлари учун тинимсиз курашаётган алимент ундирувчи оналар учун ёруғлик маёғи бўлди.
Ярмарка майдони жонланди: Учкўприк тумани Камбағалликни қисқартириш ва бандлик бошқармасининг ҳудудий бўлимлари, "Ишга марҳамат" мономаркази ва касб-ҳунар марказлари ўз бағрини очиб, ҳар бир иштирокчига янги йўллар кўрсатди. Ошпазликнинг хушбўй ҳидлари, паррандачиликнинг маҳоратли сирлари, тикувчиликнинг нафис санъати – барчаси ярмарка меҳмонлари кўз ўнгида жонли намойиш этилди. Бу ерда нафақат билим, балки кўникма ва илҳом ҳам тақдим этилди.
Бундай тадбирлар шунчаки ишга жойлаштириш эмас, балки ҳар бир инсоннинг ҳаётида янги саҳифа очиш, фарзандларнинг порлоқ келажаги учун мустаҳкам пойдевор қуриш демакдир. Ишсиз юрган, ҳаётнинг турли тўсиқларига дуч келган алимент ундирувчи фуқаролар учун бу ярмарка ҳақиқий нажот бўлди.
Ярмарка якунида эса, умидларнинг рўёбга чиқишига шоҳид бўлдик: ишсиз алимент ундирувчи фуқаролардан 26 нафари йўлланмаларни қўлга киритиб, янги иш ўринларига эга бўлдилар. 8 нафарига эса ҳаётда ўз ўрнини топиш учун касбга йўналтириш бўйича қимматли маслаҳатлар берилди, бу уларнинг келгуси ҳаётида муҳим қадам бўлади.
Бунда, айниқса, алимент олувчи оналарнинг тақдирига алоҳида эътибор қаратилгани, уларнинг ижтимоий ҳимоясини таъминлаш ва жамиятда ўз ўрнини топишларига кўмаклашиш Бюронинг устувор вазифаси эканини яна бир бор намоён этди. Зеро, Мажбурий ижро бюросининг асл мақсади – ота ёки онанинг кимлигидан қатъи назар, ҳар бир боланинг эҳтиёжлари тўлиқ таъминланиши, уларнинг бахтли ва фаровон турмуш кечириши учун шароит яратишдир.
Бу каби саъй-ҳаракатлар тумандаги ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда келгусида ҳам изчил давом эттирилиб, ҳеч бир инсон эътибордан четда қолмаслиги таъминланади. «Замин»ни Telegram’да ўқинг!
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг Мавзуга оид янгиликлар