Тошкент шаҳрида жойлашган Ислом Каримов номидаги аэропортда яна бир нохуш ҳолат қайд этилди. Давлат хавфсизлик хизмати ва Ички ишлар органлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбир давомида, аэропортнинг Авиация хавфсизлик хизмати қўриқлаш бўлинмаси назоротчиси фуқарони ишга жойлаштириш баҳонасида пул олиб, қўлга тушди.
Маълумотларга кўра, ушбу шахс ўзини таъсир доираси кенг таниш-билишларга эга деб кўрсатиб, “мен сени қўриқлаш бўлинмасига ишга жойлаштираман”, деб 500 АҚШ доллари талаб қилган. У тезкор тадбир вақтида ушбу маблағни олган пайтда ашёвий далиллар билан ушланган.
Дастлабки сўровлар давомида, у фақатгина бир кишидан эмас, балки 10 нафаргача фуқарони алдаб, улардан 500 — 1000 доллар олиб, аэропортга ишга жойлаштиришни ваъда қилганини тан олган. Ҳозирда унга нисбатан Жиноят кодексининг 168-моддаси 1-қисми ва 28,211-моддаси 1-қисми бўйича иш қўзғатилди.
Айни пайтда, унинг ҳаракатлари натижасида жабр кўрган бошқа фуқароларни аниқлаш юзасидан суриштирув ишлари олиб борилмоқда.
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!