date

Чет элда узоқ вақт бўлган фуқаролар учун мажбурий ОИВ тестлари жорий этилди

Чет элда узоқ вақт бўлган фуқаролар учун мажбурий ОИВ тестлари жорий этилди

Ўзбекистон қонунчилигида яна бир муҳим ўзгариш амалга ошди. Энди чет элда узлуксиз тўқсон кун ва ундан ортиқ вақт давомида бўлиб, мамлакатга қайтган 18 ёшдан 60 ёшгача бўлган барча фуқаролар мажбурий тиббий ОИВ тестидан ўтишлари шарт бўлади.

Олий Мажлис Сенатининг тўққизинчи ялпи мажлисида муҳокама қилинган “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш тўғрисида”ги янги қонуннинг асосий мақсади — юртимизда меҳнат миграцияси ва хориждан қайтаётган фуқаролар сони ортиб бораётган шароитда аҳоли саломатлигини кафолатлашдан иборат.

Расмий маълумотларга кўра, 2024 йил давомида чет элдан қайтиб келган 1,7 миллиондан ортиқ ўзбекистонликнинг атиги 434 минг нафари ОИВ/ОИТС тестидан ўтган. Текширувда 1 512 ҳолатда ушбу касаллик аниқланган. Шунингдек, 12,7 мингдан ортиқ чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар тест топширган, улар орасида 81 нафар кишида юқумли касалликлар борлиги қайд этилган.

Мутахассислар таъкидлашича, бугунги кунгача текширувдан ўтмаган минглаб мигрантларда қайси юқумли касалликлар мавжудлиги аниқ эмас. Шу жиҳатдан ушбу қонун лойиҳаси долзарб ва амалий аҳамият касб этади.

Янги қонунга кўра, узлуксиз тўқсон кун ва ундан ортиқ муддат чет элда бўлиб қайтган фуқаролар, меҳнат фаолияти билан Ўзбекистонга келган ёки республикада доимий яшайдиган чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар ОИВ инфекциясига мажбурий тиббий кўрикдан ўтиши шарт қилиб белгиланди.

Шунингдек, ўзбекистонликлар ва мамлакатимизда доимий яшовчи фуқаролиги бўлмаган шахслар учун бу текширув давлат бюджети ҳисобидан амалга оширилади. Хорижий фуқаролар ёки фуқаролиги бўлмаганлар эса тестдан ўз маблағлари, иш берувчи ёки бошқа манбалар ҳисобидан ўтади.

Яна бир муҳим жиҳат — ОИВ/ОИТС ва сил касалликлари аниқланган ҳолатда, бу фуқароларга Ўзбекистонда меҳнат фаолиятига рухсатнома бериш рад этилади.

Қонун муҳокамаси якунида сенаторлар ушбу ташаббусни маъқуллаб, қонунни қабул қилишди. Янги қоидалар тез орада амалиётга жорий этилади ва аҳоли саломатлиги учун муҳим кафолат сифатида хизмат қилади.

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Чет элда узоқ вақт бўлган фуқаролар учун мажбурий ОИВ тестлари жорий этилди