Энергия таъминоти соҳасида истеъмолчи ва масъул ташкилот ўртасидаги муносабатларни янада очиқ ва ишончли қилиш мақсадида мамлакат миқёсида кенг қамровли рақамлаштириш жараёнлари олиб борилмоқда. Айниқса, инсон омилини камайтириш, шаффофликни таъминлаш ва турли салбий ҳолатларнинг олдини олиш йўлида замонавий технологик ечимлардан фойдаланишга катта аҳамият қаратилмоқда.
Шу мақсадда «Ҳудудий электр тармоқлари» акциядорлик жамиятининг «Энергосавдо» Самарқанд филиали ҳудудида янги — E-dalolatnoma номли электрон ҳужжатлаштириш тизими амалиётга жорий этилди. Бу тизим орқали, фуқаролар билан бевосита ишлайдиган электр инспекторлари энди ҳар бир далолатномани қоғозда эмас, махсус планшетлар орқали расмийлаштирмоқда.
Маълумотларга қараганда, ҳозирда шаҳар ва туманлардаги электр таъминоти ташкилотларига жами 158 дона планшет техник жиҳоз сифатида тақдим этилган. Инспекторлар айнан шу қурилмалар ёрдамида ҳар бир объектда амалга оширилган ишларни, хусусан ҳисоб-китоб, назорат ва текширувларни электрон базага киритиб боришади.
Энг асосийси, ҳар бир далолатнома электрон равишда қайд этилгани учун унинг ҳисоб-китоби, назорати ва ижроси доимий равишда мониторинг қилиб борилади. Бу эса ана шундай ҳужжатларнинг йўқолиб кетиши, ўзгартирилиши ёки қалбакилаштирилиши каби ҳолатларни бутунлай бартараф этади.
Бундан ташқари, Самарқанд шаҳри ва туманида хизмат қилаётган 54 нафар электр инспекторига замонавий бодикамералар ҳам тақдим этилди. Бу камералар уларнинг фуқаролар билан учрашувлари, хонадонлардаги ўрганиш ишлари, мулоқотлари пайтида видеоёзув қилиб боради.
Бу эса ҳар қандай тортишув ёки норозилик ҳолатларида холис ва аниқ далилларни тақдим этиш имконини яратади. Шу йўл билан, нафақат оддий фуқаро ўзини ҳимоя қила олади, балки ишни бажарган ходимнинг ҳам хизмат фаолияти бевосита ҳужжатланади.
Умуман олганда, бу каби рақамли ёндашувлар энергетика соҳасини янги босқичга олиб чиқиб, фуқароларнинг ишончини мустаҳкамлаш, хизмат кўрсатишдаги сифатни ошириш ва энг муҳими — коррупция омилларининг олдини олишда муҳим аҳамият касб этмоқда.
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!