ДХХ матбуот хизмати Бухоро ва Тошкент вилоятларида, шунингдек, Тошкент халқаро аэропортида уч нафар ички ишлар ходими пора олаётганда қўлга тушгани ҳақида хабар берди.
Бухоро вилояти ички ишлар бошқармаси ходими ўзининг мансабдор танишлари орқали Бухоро шаҳар ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси ҳузуридаги Тергов бўлими иш юритувида бўлган жиноят ишини гумонланувчига нисбатан бўлган қисмини ҳаракатдан тугатишда ёрдам бериши эвазига 13 минг АҚШ доллари талаб қилган.
ДХХнинг Бухоро вилояти бўйича бошқармаси ҳамда ички ишлар ва прокуратура органлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирда ходим 13 минг долларни олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланди.
Тошкент вилояти ички ишлар бош бошқармаси қўриқлаш бошқармаси Ангрен шаҳар бўлими сафдор ходими бўлинма командири ўринбосари билан ўзаро тил бириктириб, хизмат мавқейидан фойдаланган ҳолда мансабдор танишлари орқали Оққўрғон туманида яшовчи фуқарони қўриқлаш бошқармасига ишга киритиб қўйиш эвазига 1500 АҚШ доллари талаб қилади.
ДХХнинг Тошкент вилояти бўйича бошқармаси ҳамда прокуратура органлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирда сафдор ходим олдиндан 1000 долларни олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланди.
ДХХ томонидан ўтказилган навбатдаги тезкор тадбир давомида ИИВ Миграция ва персоналлаштириш Департаменти Тошкент халқаро аэропортида паспорт-виза бўлими катта инспектори мансаб ваколатидан фойдаланган ҳолда вояга етмаган шахснинг хорижга чиқиш биометрик паспортига уни хорижга олиб чиқиб кетаётган фуқарога ҳамроҳлик қилувчи штамп белгисини тезлаштирилган тартибда расмийлаштириб бериш эвазига 400 АҚШ долларини пора сифатида олган вақтида ашёвий далиллар билан қўлга олинди.
Терговга қадар текширув ҳаракатлари давомида, катта инспектор 2025 йилнинг бошидан ҳозирги кунга қадар Ўзбекистон республикасида бўлиб турган 42 нафар чет элликнинг ҳар биридан 300-700 АҚШ доллари миқдоридаги пулларни олиб, уларга чиқиш визасини, шунингдек, Ўзбекистоннинг 8 нафар фуқаросига ҳамроҳлик қилувчи штамп белгисини тезлаштирилган тартибда расмийлаштириб бериш эвазига 200-400 АҚШ доллари миқдоридаги пулларни пора сифатида олгани ҳам аниқланди.
Ҳозирда ушбу қонун ҳимоячиларига нисбатан жиноят ишлари қўзғатилиб, қамоқ эҳтиёт чораси қўлланган. Тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!