Жиззах вилоятида содир бўлган ғайриоддий ҳолат қутқарувчиларнинг тезкор ҳаракатлари сабаб фожиага айланмади. 4 сентябрь куни Бахмал тумани “Қутлуғобод” маҳалласида яшовчи бир бола эҳтиётсизлик оқибатида хонадон ҳовлисидаги ҳожатхона чуқурига тушиб кетди. Бу ҳақида Фавқулодда вазиятлар вазирлиги маълум қилди.
Маълумотларга кўра, ҳодиса тахминан соат 16:07 да содир бўлган. Айни пайтда бола ёлғиз бўлгани учун ёрдамга чақириш имконияти йўқдек кўринган. Бироқ у ўзининг мобил телефонидан фойдаланиб, “112” қисқа рақами орқали қутқарув хизматларига хабар берган.
Чақирувни олган Бахмал тумани ФВБ қутқарувчилари дарҳол воқеа жойига етиб боришган. Улар қисқа вақт ичида болани хавфсиз ҳолатда ҳожатхона чуқуридан чиқаришга муваффақ бўлишди.
Ҳозирда боланинг соғлиги яхши экани қайд этилди. Мутасаддиларнинг таъкидлашича, бу ҳолат фақат қутқарувчиларнинг ўз вақтидаги ҳаракатлари сабаб ҳалокатли оқибатлардан ҳимоя қилинди.
Мутахассислар эса ота-оналар ва аҳолига шу каби ҳовлидаги хатарли нуқталарни олдиндан ёпиш, болалар хавфсизлигини қатъий таъминлаш зарурлигини эслатишди.
Жамоатчилик бу воқеани болалар хавфсизлиги масаласи янада жиддий кўриб чиқилиши кераклигининг ёрқин намунаси сифатида баҳоламоқда.
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!