Жиззахда фирибгарлик ва одам ўғирлаш жиноятини содир қилган аёл жиноий жазога тортилди. Kun.uz суд ҳужжати билан танишди.
Суд ҳукмида келтирилишича, Шароф Рашидов туманида яшовчи 31 ёшли Зайнаббиби Бобожонова бола асраб олмоқчи бўлиб юрган қўшнисининг ишончига кирган ва унга туғуруқхонадан чақалоқ олиб беришни ваъда қилган. Аёл бола олишда навбатни олдинга суриш, ҳужжатларни расмийлаштириш, соғломлиги ҳақида маълумотнома олиб бериш ва бошқа турли баҳоналар билан қўшнисининг жами 5 млн 550 минг сўм пул маблағини қўлга киритган.
Шундан сўнг Зайнаббиби Бобожонова 2025 йил 31 январ куни Жиззах шаҳри Ёшлик маҳалласидаги туғуруқхонага борган. Қўшнисига чақалоқни олиб чиқишини айтиб, туғуруқхонага кириб кетган.
Судда Зайнаббиби Бобожонова айбига тўлиқ иқрорлик билдирган ва қилмишидан пушаймонлигини айтиб, суддан енгиллик сўраган.
“Қўшним фарзанд кўрмагани учун бола асраб олмоқчи эди. 2024 йил 19 ноябр куни қўшним билан Жиззах шаҳрида жойлашган она ва бола скрининг марказига бордик. Ўзим ичкарига кириб чиқдим ва қўшнимга бола олиш навбати 36-навбатда эканини, агар 200 доллар берса 10-навбатга қўйиб, 2024 йил 10 декабрда болани олиш мумкинлигини айтдим. Қўшним мен айтган пластик картага 2 млн 550 минг сўм ташлаб берди.
Сўнг қўшнимдан болага соғломлиги тўғрисидаги маълумотнома олиб бериш учун деб 550 минг сўм, Тошкентдаги васийлик ходимларига ҳужжатларни имзолатиш учун деб 2 млн сўм, чақалоқ касал бўлгани, уни даволатишни айтиб 350 минг сўм, таксига деб 100 минг сўм пулларини алдаб олдим. Қўшним билан телефонда туғуруқхона бош врачи сифатида чақалоқ олиб бериш бўйича гаплашиб келдим.
2025 йил 31 январда қўшним менга телефон қилиб, Жиззах шаҳридаги туғуруқхонага келганини айтди ва “болани бугун олиб чиқайлик”, деди. Яна бош врачнинг номидан махфий рақам орқали қўнғироқ қилдим ва болани олиб кетишлари мумкинлигини айтдим. Шу куни соат 15:00 ларда қўшним турмуш ўртоғи ва бошқа қариндошлари билан машинада туғуруқхонага келди”, деган аёл суддаги кўрсатмасида.
Шундан сўнг у аввалига туғуруқхона бош врачи олдига кирган ва бола олмоқчи эканини айтган. Бош врач аёлга бола асраб олиш учун васийлик кенгашига мурожаат қилиши кераклигини тушунтирган.
Зайнаббиби Бобожонова бош врач қабулидан чиқиб, ўша ерда шифокорларнинг ўзаро гапидан фуқаро Покиза Ҳамроева 3 кун аввал эгизак фарзандларни дунёга келтирганини, у 9-палатада эканини эшитган. Кейин ҳамширалардан суриштириб, бинодаги кузатув камералари ишламаслигини билиб олган. Зайнаббиби Бобожонова юзига ниқоб таққан ҳолда 9-палатага кириб борган ҳамда “эгизак туққан аёл ким?” деб сўраган. Хонадагилар Покиза Ҳамроевани кўрсатишган. Зайнаббиби ўзини шифокорнинг қизи сифатида таништириб, чақалоқларни шифокор кўрмоқчи эканини айтган ва эигзаклардан бирини кўтариб чиқиб кетган.
Аёл чақалоқни туғуруқхонадан олиб чиқиб, қўшнисига тутқазган ва ўзи уйига кетган. Эртаси куни қўшниси ижтимоий тармоқларда туғуруқхонадан чақалоқ ўғирлангани ҳақида тарқалган хабарни Зайнаббиби Бобожоновага кўрсатган. Аёл ИИБга қўнғироқ қилиб, чақалоқни у олиб келганини айтган.
Шу тариқа, бола ўз онасига қайтарилган. Зайнаббибига нисбатан жиноят иши қўзғатилиб, у қамоққа олинган.
Жиноят ишлари бўйича Жиззах шаҳар судининг ҳукми билан Зайнаббиби Бобожонова Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) 1-қисми ва 137-моддаси (одам ўғирлаш) 2-қисми “б” бандида назарда тутилган жиноятни содир қилганликда айбли деб топилган. Унга 5 йил 1 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган. Шунингдек, ундан қўшниси фойдасига 5 млн 550 минг сўм ундириш белгиланган.
Жиззах вилояти суди жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати апелляция инстанциясининг ажрими билан дастлабки суд ҳукми ўзгаришсиз қолдирилган.
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!