Қирғизистондан Ўзбекистонга ноқонуний равишда олиб келинган умумий қиймати 5,7 млрд сўмлик заргарлик буюмлари Давлат хавфсизлик хизматининг Фарғона вилояти бўйича бошқармаси ходимлари томонидан тезкор тадбир ўтказиш орқали тўхтатиб қолинди.
Тадбир Божхона органлари билан ҳамкорликда амалга оширилди. Маълумотларга кўра, Фарғона туманида яшовчи 1987 йилда туғилган фуқаро қирғизистонлик шахс айланма йўллар орқали “ўзбек-қирғиз” давлат чегарасидан қонунга зид равишда мамлакатимизга ўтказиб берилган катта миқдордаги заргарлик буюмларини қабул қилиб олган.
Сўнгра, моддий манфаат мақсадида, уларни Фарғона шаҳрида кутиб турган, Андижон вилояти Жалақудуқ туманида яшовчи 1997 йилда туғилган шахсга етказиб берган пайтда, ҳар икки шахс ҳам қўлга олинди.
Тилладан ясалган ушбу заргарлик буюмларининг жами оғирлиги 5 кг 706 граммни ташкил этади ва дастлабки баҳога кўра, уларнинг умумий қиймати 5 млрд 746 млн сўмга тенг.
Ҳозирда мазкур шахсларга нисбатан терговгача текширув ва суриштирув ҳаракатлари олиб борилмоқда, уларнинг ноқонуний ҳаракатлари ва молиявий манфаатлари аниқланишига қаратилган ишлар давом эттирилмоқда.
Ушбу амалиёт контрабанда ва қонуний йўлсиз товар-моддий бойликлар киришини олдини олишда муҳим қадам сифатида баҳоланмоқда.
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!