Тошкент шаҳрида фаолият юритган “Guangzhou Medical of China” клиникаси атрофидаги жиноят иши катта жамоатчилик эътиборига сабаб бўлди. Суд ҳужжатларига кўра, мазкур муассасада шифокор сифатида ишлаб келган хитойлик ота-бола Х.К. ва Х.Ф. минглаб одамларнинг ишончини суиистеъмол қилиб, турли дорилар ва игна терапия орқали беморларни даволашга ваъда берган.
Маълум қилинишича, улар 2020 йилдан 2022 йилга қадар Бектемир туманида жойлашган “Guangzhou” клиникасига мурожаат қилган беморларга тиббий текширув ўтказмасдан ташхис қўйган. Ҳар хил касалликлардан тузалиш мумкинлигини айтиб, игна терапияси ва “хитой табобати дорилари”ни таклиф қилишган. Аслида эса улар сифатсиз дориларни қимматбаҳо нархларда сотиб, беморлардан тушган маблағни шахсий эҳтиёжларига ишлатиб юборишган.
Суд жараёнида маълум бўлишича, фақатгина Г.Х. исмли бир жабрланувчининг ўзи 2,5 миллион сўмдан ортиқ маблағдан айрилган. Унинг сўзларига кўра, табиб “10 кунлик даволаш курси” учун 2,8 миллион сўм талаб қилган, кейин эса чегирма қилиб 2,5 миллион сўмга рози бўлган. Бироқ уч кунлик муолажадан сўнг ҳеч қандай ижобий натижа кузатилмаган ва бемор шифо топмасдан, аксинча, моддий зарарга учраган.
Тергов маълумотларига кўра, жами 100 нафар бемор шундай усулда алданиб, турли миқдорда маблағ тўлаган. Айбланувчиларнинг ёнидан катта пул миқдори ҳам мусодара қилинган.
61 ёшли Х.К. ва унинг 31 ёшли ўғли Х.Ф. 2024 йилда Қозоғистонда қўлга олиниб, Ўзбекистонга экстрадиция қилинган. Бектемир туман суди уларни Ўзбекистон Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) ва 186-3-моддаси (сифатсиз дори воситаларини тарқатиш) бўйича айбли деб топди.
Суд ҳукмига кўра, Х.К. 33 миллион 210 минг сўм, Х.Ф. эса 30 миллион 240 минг сўм миқдорида жарима тўлашга маҳкум этилди. Шунингдек, аввалроқ мусодара қилинган 381 миллион сўм жабрланувчилар зарарини қоплаш учун йўналтирилади.
Мутахассислар таъкидлашича, сўнгги йилларда “муқобил табобат” ниқоби остида фаолият юритаётган шубҳали шахслар кўпаймоқда. Улар одамларнинг ишончидан фойдаланиб, соғлиқ билан боғлиқ жиддий хавфларга сабаб бўлиши мумкин. Шу боис аҳоли фақат расмий лицензияга эга тиббий муассасаларга мурожаат қилиши кераклиги уқтирилмоқда.
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!