Андижон вилояти Хўжаобод туманида учта транспорт воситаси иштирокида йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлди. Бу ҳақда вилоят Ички ишлар бошқармасининг Йўл ҳаракати хавфсизлиги бўлими маълум қилди.
Ҳодиса “Тошкент – Ўш” автомобиль йўлида рўй берган. 1991 йилда туғилган ҳайдовчи У.М. ўзининг “Зил-53” русумли юк машинасини бошқариб кетар экан, оралиқ масофани сақлай олмай қолди. Шу орқали, тартибга солинмаган пиёдалар ўтиш жойидан йўлни кесиб ўтаётган BYD ҳамда орқасидан келаётган Matiz русумли автомобиллар билан тўқнашиб, йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлди.
ЙТҲ натижасида одамлар жароҳат олмади, транспорт воситаларида эса техник шикастлар юз берди. Ҳозирда Хўжаобод тумани ИИБ ЙҲХГ ходимлари томонидан мазкур ҳолат бўйича суриштирув ва текширув ишлари олиб борилмоқда.