date

Қидирувдаги «Гряз» лақабли уюшма етакчиси Туркияда ушланди

Қидирувдаги «Гряз» лақабли уюшма етакчиси Туркияда ушланди

Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан халқаро ҳамкорлик доирасида яна бир муҳим жиноий иш фош этилди. Қидирувда бўлган «Гряз» лақабли жиноий уюшма етакчиси қўлга олиниб, мамлакатга қайтарилди. Бу ҳақда Ички ишлар вазирлиги расмий маълумот берди.

Маълум қилинишича, ушбу шахс ўлдириш ёки зўрлик ишлатиш билан қўрқитиш, босқинчилик, товламачилик, мулкни қасддан нобуд қилиш ёки унга зарар етказиш каби оғир жиноятларда айбланиб, 2023 йилдан бери қидирувда бўлган. Терговдан қочиб, Туркия ҳудудида яшириниб юрган 32 ёшли Ё.М.ни аниқлаш ва ушлаш учун комплекс тезкор-қидирув тадбирлари ўтказилган.

Операция Ички ишлар вазирлиги Тезкор-қидирув департаментининг уюшган жиноятчиликка қарши курашиш бошқармаси, Давлат хавфсизлик хизмати ҳамда Ўзбекистоннинг Истанбул шаҳридаги Бош консулхонаси ҳамкорлигида амалга оширилди. Натижада «Гряз» лақабли жиноий гуруҳ етакчиси қўлга олиниб, жорий йил 5 декабрь куни Ўзбекистонга экстрадиция қилинди.

Қайд этилишича, Ё.М. Жиноят кодексининг бир қатор моддалари — ўлдириш ёки зўрлик билан қўрқитиш, босқинчилик, товламачилик, мулкка қасддан зарар етказиш ҳамда жиноий уюшма ташкил этиш бўйича айбланмоқда. Ушбу ишлар Яшнобод тумани ИИО ФМБ томонидан олиб борилган тергов материаллари асосида расмийлаштирилган.

Ҳозирда ушланган шахс тергов органларига топширилган бўлиб, унга нисбатан қонуний тартибда тергов ҳаракатлари давом эттирилмоқда. Ҳуқуқ-тартибот идоралари бу каби жиноятларга қарши кураш қатъий давом этишини ва жиноятчилар қаерда бўлишидан қатъи назар жавобгарликдан қочиб қутула олмаслигини таъкидламоқда.

Ctrl
Enter
Хато топдингизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Маълумот
Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.
Янгиликлар » Жамият » Қидирувдаги «Гряз» лақабли уюшма етакчиси Туркияда ушланди