
Ҳеч бир аёлнинг ҳуқуқлари шариатни баҳона қилиб чекланиши мумкин эмас. Чунки дин инсонни қўрқитиш ёки бўйсундириш воситасига айлана бошлаган заҳоти, у ўз моҳиятидан узоқлашади. Агар дин зулмни оқлаш қуролига айланса, айнан шу ҳолатнинг ўзи динни тўғри тушуниш ва қайта тартибга солиш зарурлигини кўрсатади.
Ислом дини ўз аслида инсонни маънавий камолотга етакловчи, уни иймон-эътиқод, инсоф ва адолатга чорловчи толерантлик динидир. У инсон қадрини, унинг шаъни ва ҳуқуқини улуғлайди. Аммо афсуски, айнан ислом номи ортида сунъий равишда шакллантирилган айрим диний оқимлар ва ақидапараст қарашлар аёлни шахс сифатида қабул қилмасликка уриниб келмоқда.
Бундай ёндашувлар аёлни жим туришга, шахсий ҳаёти ҳақида қарор қабул қилмасликка, жамият ишларидан четда қолишга мажбурлайди. Бу эса нафақат инсон ҳуқуқларига, балки исломнинг моҳиятига ҳам очиқ-ойдин зиддир. Натижада, ўзини мусулмон деб билган жамият ичида ҳам чуқур зиддиятлар ва оғриқли саволлар пайдо бўлмоқда.
XXI асрда яшаяпмиз, аммо ҳали-ҳануз аёл шариат номи билан чизилган сунъий қолип ичида қолиши керакдек талқин қилинаётгани ачинарли ҳолат. Аёл — буюм эмас. У тарбияланадиган, бошқариладиган объект ҳам эмас. У мустақил тафаккурга, билимга, ҳаёт учун жавобгарликка эга тўлақонли шахс.
Бугун ривожланган мамлакатларда аёллар йирик бизнесларни бошқармоқда, вазирликлар, парламентлар ва ҳатто президентлик лавозимларида давлат тақдирини ҳал этмоқда. Шундай бир замонда айрим жамиятларда аёлларни ҳижоб ёки ниқоб ортига мажбурий равишда “яшириш”, унинг овозини ўчиришга уринишлар давом этаётгани ҳақиқатдан ҳам ўйлантирувчи ҳолатдир.
Очиғини тан олиш керак: аёл ҳуқуқларини чеклаш орқали дин ҳимоя қилинмайди. Дин адолат билан, инсоф билан, эркинлик ва масъулият уйғунлиги билан ҳимоя қилинади. Қачонки адолат устувор бўлса, ўша жойда ҳам дин, ҳам жамият ютади.
Аёл эркин нафас ола олган, ўз фикрини айта олган, қарор қабул қилиш ҳуқуқига эга бўлган мамлакатда иймон ҳам мустаҳкам бўлади, тараққиёт ҳам. Чунки ҳақиқий дин қўрқувда эмас, онгли танловда, ҳурмат ва адолатда яшайди.
Манба: @ Дайди ўқ
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.