
777 рақамлари одатда кўпчилик томонидан омад ва муваффақият рамзи сифатида қабул қилинади. Аммо ҳаётда бу рақам ҳар доим ҳам кутилган натижани бермаслиги маълум бўлди.
Фарғона шаҳрида истиқомат қилувчи фуқаролардан бири автомашинасига моддий фаровонлик ва омад белгиси сифатида 777 давлат рақамини ўрнатган. Бироқ бу ҳолатда омад унга ёр бўлмади. Сабаби — солиқ тўловлари бўйича мавжуд қарздорликлар ўз вақтида қопланмаган.
Маълум қилинишича, мазкур автотранспорт воситаси Давлат солиқ қўмитаси фойдасига йирик миқдордаги қарз сабаб қидирувга берилган. Фарғона вилоятида ўтказилаётган рейд тадбирлари давомида Бюронинг вилоят бошқармаси қидирув шўъбаси томонидан автомашина аниқланиб, Мажбурий ижро бюроси Фарғона шаҳар бўлими ходимлари томонидан жарима майдонига олиб қўйилди.
Шу тариқа, “омад рамзи” ҳисобланган 777 рақами бу сафар ўз эгасини қарздорлик оқибатларидан қутқара олмади.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.