date

Тошкентда тундаги ЙТҲ натижасида бир йўловчи ҳалок бўлди

Тошкентда тундаги ЙТҲ натижасида бир йўловчи ҳалок бўлди

Тошкент шаҳрида содир бўлган навбатдаги йўл-транспорт ҳодисаси фожиали оқибат билан якунланди. Бугун, 20 декабрь куни пойтахтнинг Яшнобод туманида Lacetti ва Nexia-3 русумли автомашиналар ўзаро тўқнашиб кетди ва оқибатда Nexia автомашинасида бўлган йўловчи ҳалок бўлди. Бу ҳақда Тошкент шаҳар Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси маълум қилди.

Расмий ахборотга кўра, ҳодиса тахминан соат 03:45 ларда Яшнобод туманидаги Маҳдумқули кўчасида юз берган. 2004 йилда туғилган Lacetti ҳайдовчиси ҳаракат вақтида руль бошқарувини йўқотиб, автомашина йўлнинг қарама-қарши қисмига чиқиб кетган. Натижада у 1977 йилда туғилган С.А. бошқарувидаги Nexia-3 русумли транспорт воситаси билан тўқнашган.

Йўл-транспорт ҳодисаси оқибатида Nexia-3 автомашинасида бўлган йўловчи оғир тан жароҳатлари олиб, воқеа жойида вафот этган. Шунингдек, ҳар икки автомашина ҳайдовчиси ҳам турли даражада жароҳат олиб, шифокорлар томонидан уларга биринчи тиббий ёрдам кўрсатилган.

Ҳодиса юзасидан Тошкент шаҳар ИИББ Тергов бошқармаси томонидан Жиноят кодексининг 266-моддаси, яъни транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузишнинг 2-қисми билан жиноят иши қўзғатилди. Айни пайтда ушбу ҳолат бўйича тергов ҳаракатлари давом этмоқда.

Ctrl
Enter
Хато топдингизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Маълумот
Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.
Янгиликлар » Жамият » Тошкентда тундаги ЙТҲ натижасида бир йўловчи ҳалок бўлди