06:02 / 24.02.2017
8 590

Президент совғасини олган Шоди бобо қандай қилиб бу даражага эришгани ҳақида гапириб берди

Президент совғасини олган Шоди бобо қандай қилиб бу даражага эришгани ҳақида гапириб берди

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев жорий йилнинг 10-11 февраль кунлари Сурхондарё вилоятига ташрифи давомида Ангор туманидаги Занг гиламбоб қишлоғида Шоди бобо Хўшбоқов хонадонида бўлиб, отахон ва у кишининг умр йўлдоши Саломат момо билан суҳбатлашган эди. ЎзА Шоди бобо Хўшбоқов билан суҳбат уюштирди, деб ёзмоқда Кун нашри.

– Давлатимиз раҳбарининг уйимизга келгани, дилдан мулоқот қилгани, ҳол-аҳвол сўраганига ҳали ҳам ишонгим келмайди. Тавба дейман, шунча ишдан ортиб оддий фуқаролар хонадонига бориш, у билан гурунг қилиш, турмуши, шароити, ўй-фикрлари билан қизиқиш учун одам қанчалар бағрикенг бўлиши керак экан-а, деб ўйлайман-да, – дейди Шоди бобо. – Ўзингиз қаранг-да, умри бино бўлиб даладан бошқасини кўрмаган одам мамлакат Президенти билан ўз уйида гурунг қилиб ўтирса, бировга айтсанг ишонмайди. Лекин шундай бўлди. Давлатимиз раҳбари билан оиламизнинг кундалик турмуши, маҳалламиз ҳаёти, фарзанду набиралар тарбияси, ўқиши, иши, деҳқончилик сирлари, юртимизда юз бераётган ўзгаришлар, хуллас, ҳамма нарса ҳақида гаплашдик. У кишининг сиз каби кўпни кўрган, юзидан нур ёғилиб турган отахон ва онахонлар жамиятимизнинг мустаҳкам замини, юртимизнинг файзу баракасидир, деган сўзлари менга ҳам, кампирга ҳам куч-қувват бағишлади, умримизга умр қўшилди. Момонгиз икковимиз кўп йилларга ёшариб кетдик.

Шоди бобо Хўшбоқов бу йил 84 ёшни қарши олди. Ҳали бардам, фикри теран, хотираси мустаҳкам. Болалиги Иккинчи жаҳон уруши йилларига тўғри келган Шоди бобо тенгдошлари қатори не-не қийинчилигу машаққатларни бошидан ўтказди. Ўспиринлик даврида уруш асоратларини қалбан ҳис этди, очарчиликни кўрди. Ўрта мактабни тугатгач, институтга ҳужжат топширди. Лекин омади келмади. Қишлоқдошларининг ўқишга киролмабди, деган гап-сўзларини ор билиб, бир йўла ҳайдовчилик курсини тугатиб, уйига қайтди. Икки йил хўжаликда ҳайдовчилик қилди, кейин пахтачилик бригадасида ишлади. Ҳалол меҳнат қилиб, деҳқончилик сирларини ўрганди. Умр йўлдоши Саломат момо Раҳимова билан 8 ўғил, 2 қизни тарбиялаб, вояга етказди. Ўғиллари қўли гул уста, ҳунарманд бўлди. Ўттиздан ортиқ невара, йигирмага яқин чевара қуршовида пиру бадавлат ҳаёт кечираётган отахон ва онахон бугунги осойишта ва обод ҳаётга шукрона келтиради, эл-юртга тинчлик сўраб дуо қилади.

– Маҳаллада томорқадан унумли фойдаланиш маданиятини юксалтиришда Шоди бобо барчага ибрат, – дейди “Занг гиламбоб” маҳалла фуқаролар йиғини раиси Зиёдулла Исломов. – Томорқадан йилига икки-уч марта ҳосил олади. Шоди бобога ҳавас қилиб, томорқасида зироат етиштираётган хонадонлар кўпайиб бормоқда.

Шоди бобо Хўшбоқов фарзандлари ва невараларига ҳам деҳқончилик сирларини обдан ўргатиб, уларга ерга меҳр бериш зарурлиги, ҳалол меҳнат орқасидан рўзғор тебратиш лозимлигини уқтирган. Ўтган йили отахон томорқада етиштирилган картошкадан 25 миллион сўмдан ортиқ даромад олгани бунинг яққол тасдиғидир.

– Бир дона картошкамиз 800 граммгача тош босади, – дейди Шоди бобонинг ўғли Шокир Хўшбоқов. – Кўпчилик бунинг сири нимада, деб сўрайди. Отам бизга мўл ҳосил олиш учун ерни экишга обдон тайёрлаш, қишда қўйнинг чириган қийи билан озиқлантириш, яхши уруғ танлашни ўргатган. Зироат парваришида маслаҳатгўй. Томорқага ҳар йили 500 килограмм атрофида картошка экиб, 5 тоннадан зиёд ҳосил оламиз. Энди англаяпман, картошка етиштиришда кўпчилик уруғ танлашда адашар экан. Бу йил картошканинг “Алоуддин” навини экдик.

Айни пайтда Шоди бобо томорқасида эртаки картошка ниш урмоқда. Томорқа атрофига дид билан ёнғоқ, бодом, тут, ўрик каби мевали дарахтлар экилган. Ҳовли адоғидаги қўрада юзга яқин қора мол, қўй, товуқ парваришланмоқда.

– Президентимиз Шавкат Мирзиёев томорқамизга қараб туриб, Сурхондарёни яхши биламан, тупроғи унумдор, мўл ҳосил олиш учун жуда қулай, дедилар, – дейди Шоди бобо. – Мен у кишига шу томорқадан йилига уч марта ҳосил олишимизни айтдим. Эртаки картошка экамиз. Уни баҳорда йиғиб олиб, помидор кўчати қадаймиз, полиз етиштирамиз. Оққировгача ҳовлимизда зироат бўлади. Ўзимиз еймиз, ортиқчасини сотамиз, дедим. Яратилаётган бундай шароит, имконият учун миннатдорлик билдирдим, дуо қилдим. Президентимиз уйимиздан қайтгач, бизга мамлакатимизда ишлаб чиқарилган "Captiva" машинасини совға қилиб юборибдилар. Кўп яшасин. Бошимиз кўкка етди, кўнглимиз тоғдек кўтарилди. Бу кампир икковимизнинг умримизда олган энг улуғ совға бўлди. Ҳа, ўзини билган одамга бундан ортиқ эътибор, бундан ортиқ ғамхўрлик бўлмайди-да. Бундан фахрланаман. Олдинги тузумда давлат раҳбари оддий қишлоқ уйига кириб, ҳол-аҳвол сўраганми? Машина совға қилишни-ку айтмасаям бўлади. Бугун болаларим, невара, чевараларимнинг тўкин, бахтли ҳаёт кечираётганини кўриб, беихтиёр болалигимни, бешафқат очарчилик йилларини эслайман. Ҳалол меҳнат, юртимиздаги меҳр-оқибат, ёшу кексага кўрсатилаётган ҳурмат-эътибордан суюнаман. Илоҳим, жаннатмонанд юртимизда тинчлик, тўкин-сочинлик, ободлик абадий бўлсин!

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Президент совғасини олган Шоди бобо қандай қилиб бу даражага эришгани ҳақида гапириб берди