20:14 / 24.02.2017
8 889

Шавкат Мирзиёев ёш оиланинг янги хонадонида меҳмон бўлди

Шавкат Мирзиёев ёш оиланинг янги хонадонида меҳмон бўлди

Президент Шавкат Мирзиёев Қарши туманидаги “Нукробод” қишлоқ фуқаролар йиғинининг Якка ёғоч массивида янгиланган намунавий лойиҳалар асосида барпо этилган арзон уй-жойларни бориб кўрди, деб ёзмоқда “Qalampir” сайти.

Ушбу қарорга мувофиқ Якка ёғоч массивида ер участкаси 2 сотих бўлган уч хонали уйлар қурилди. Бу уйларнинг фойдаланиш майдони 63,5 квадрат метр бўлиб, унда иккита ётоқхона, меҳмонхона, ошхона, ювиниш хоналари ва қозонхона мавжуд. Ҳовлисида хўжалик бинолари қурилган.

Икки қаватли 16 хонадонли турар-жой бинолари икки ва уч хонали қилиб қурилган. Уйларда ётоқхона, меҳмонхона, ошхона ва ювиниш хоналари ҳудуднинг иқлим шароити, санитария ва хавфсизлик талаблари, халқимизнинг миллий ҳаёт тарзига оид барча жиҳатлар ҳисобга олинган ҳолда барпо этилган.

“Ўз уй-жойига эга бўлиш ҳар бир инсон ҳаётида қанчалик муҳим эканини барчамиз яхши биламиз. Халқимиз уйи борнинг ўйи йўқ, деб бекорга айтмаган. Бунинг чуқур маъноси бор. Бундай уй-жойлар тақсимотида халқимизга хос ҳақиқат ва адолат мезонларига қатъий риоя этилиши керак”, дейди Президент.

Қурилиш материалларининг таннархини камайтириш ҳисобига уйларнинг нархини янада арзонлаштириш, ташқи инженерлик тармоқлари – ичимлик суви, ички йўллар, электр энергияси ва табиий газ билан таъминлаш, атрофларини ободонлаштириш бўйича зарур кўрсатмалар берилди.

Президент янги уй соҳибларидан бири Алишер Аҳмедов хонадонида бўлиб, бу ерда яшаш учун яратилган қулай шароитлар билан танишди, дилдан суҳбатлашди. Ёш оила аъзолари давлатимиз раҳбарига эътибори ва ғамхўрлиги учун самимий миннатдорлик билдирди.

Шавкат Мирзиёев Мирмирон массивидаги янгиланган намунавий лойиҳалар асосида қурилган уйларда истиқомат қилувчи аҳоли учун иссиқхона ташкил этиш лойиҳаси билан танишди.

Ушбу иссиқхона 25 гектар майдонда метал, тахта, плёнка ва бошқа маҳаллий қурилиш материалларидан фойдаланилган ҳолда барпо этилади. Бу ерда лимон, мандарин ва папайя каби цитрус мевалар, помидор, бодринг, гулкарам, ҳар хил кўкатлар етиштирилиши режалаштирилган. Ушбу лойиҳа амалга оширилиши натижасида иссиқхонада йилига 3 миллиард сўмлик маҳсулот етиштирилади. Уларнинг бир қисми ички бозор талабларини қондирса, қолгани экспортга йўналтирилади. Натижада аҳоли қиш мавсумида ҳам арзон мева-сабзавот маҳсулотлари билан таъминланади. 229 иш ўрни яратилиши аҳоли турмуш фаровонлигининг ортишига хизмат қилади.

Президент бундай иссиқхоналарни қуриш ва улардан фойдаланишда замонавий технологияларни қўллаш, ишга малакали мутахассислар билан бирга коллеж битирувчиларини ҳам кенг жалб этиш борасида зарур кўрсатмалар берди.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Шавкат Мирзиёев ёш оиланинг янги хонадонида меҳмон бўлди