Коррупцияга қарши курашда кескин бурилиш: Янги ваколатлар

Давлат хавфсизлик хизмати раиси Баҳодир Қурбонов коррупцияни мамлакат барқарорлигига таҳдид солувчи асосий хавфлардан бири сифатида эътироф этганидан сўнг, соҳада туб ислоҳотлар бошланди. Президентнинг янги фармони билан Коррупцияга қарши курашиш агентлигининг ваколатлари сезиларли даражада кенгайтирилди. Эндиликда Акмал Бурҳонов бошчилигидаги тузилма нафақат назорат қилувчи, балки жараёнларга бевосита таъсир ўтказувчи қудратли органга айланмоқда.
Миллиардлаб долларлик лойиҳалар доимий назорат остида
Янги тартибга кўра, халқаро молия ташкилотлари ва хорижий давлатлар маблағлари ҳисобидан амалга ошириладиган йирик инвестиция лойиҳалари Агентликнинг «лупаси» остига тушади.
Манфаатлар тўқнашуви: Агентлик миллионлаб ва миллиардлаб долларлик лойиҳаларда коррупциявий омилларни аниқлаш ва олдини олишга шахсан масъул этиб белгиланди.
Очиқлик талаби: Вазир ва ҳокимларнинг қарорларини «E-qaror» тизимида асоссиз яшириш қатъиян ман этилади. Ҳужжатларни яшириш қонун бузилиши деб баҳоланади ва тегишли жазога сабаб бўлади.
Амалдаги ҳужжатлар экспертизаси ва «Ҳимоя ордери»
Агентлик нафақат янги қонун лойиҳаларини, балки аллақачон кучга кирган минглаб норматив ҳужжатларни ҳам қайта экспертизадан ўтказади. Агар эски ҳужжатларда «тирқишлар» топилса, уларни бекор қилиш бўйича Президент администрациясига таклиф киритилади.
Маълумот мажбурияти: Давлат идоралари Агентлик сўраган маълумотни бекитиши ёки нотўғри ахборот тақдим этиши фаолиятга тўсқинлик қилиш сифатида жиноий жавобгарликкача олиб бориши мумкин.
Коррупция ҳақида хабар берганларни ҳимоялаш: 2026 йил май ойидан бошлаб коррупцияни фош этган шахсларга махсус «Ҳимоя ордери» берилади. Бу ҳужжат хабарчиларни таъқиб ва тазйиқлардан қалқон каби ҳимоя қилади.
«Рақамли комплаенс» ва ички назоратнинг кучайтирилиши
Соҳада инсон омилини камайтириш учун 2026 йилнинг июль ойидан «Рақамли комплаенс» тизими ишга тушади.
Тўғридан-тўғри кириш: Агентлик барча давлат идораларининг ахборот базаларига масофадан кириш ҳуқуқини олади.
Ички назорат ходимларига имтиёз: Ташкилотлардаги комплаенс-назоратчиларнинг мустақиллиги таъминланади. Уларни Агентлик розилигисиз ишдан бўшатиш ёки интизомий жазолаш мумкин бўлмайди. Шунингдек, уларга энг юқори миқдорда устама ҳақлар тўланади.
Фаоллар учун янги давлат мукофоти
Коррупцияга қарши курашда алоҳида жонбозлик кўрсатган фуқаролар ва давлат хизматчилари учун «Коррупцияга қарши курашишга қўшган ҳиссаси учун» кўкрак нишони таъсис этилди. Мукофотлар ҳар йили 9 декабрь — Халқаро коррупцияга қарши курашиш кунида тантанали равишда топширилади.
Сизнингча, коррупция ҳақида хабар берган шахсларга «ҳимоя ордери» берилиши жамиятда бу иллатга қарши курашиш фаоллигини оширадими?
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!