Навоийда ноқонуний олтин қазиб олиш билан шуғулланган жиноий гуруҳ фош этилди

Навоий вилоятида давлатга қарашли ер майдонларида олтинни ноқонуний қазиб олиб, қайта ишлаш билан шуғулланган уюшган гуруҳ фаолиятига чек қўйилди. Тезкор тадбир Давлат хавфсизлик хизмати ҳудудий бошқармаси ва вилоят ИИБ ходимлари ҳамкорлигида ўтказилди.
Тергов маълумотларига кўра, гуруҳга Кармана туманида спорт йўналишига ихтисослашган хусусий корхона раҳбари бошчилик қилган. Олтин қазиб олиш ишларига хорижий фуқаролар жалб этилган, жараён эса солиқ, геология, экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш талаблари қўпол бузилган ҳолда олиб борилган.
Ушланганлар вақтида 17,2 кг олтин-кумуш аралашмаси, 20 кг ярим тайёр олтин маҳсулотлари, таркибида олтин зарралари бўлган 250 кг бойитилган кўмир, 280 тоннадан ортиқ қум ва руда, 230 литр махсус кимёвий моддалар, олтин ажратиб олиш лабораторияси ва ускуналар, шунингдек махсус идишлар, газ баллонлари ҳамда бошқа анжомлар ашёвий далил сифатида олиб қўйилди.
Дастлабки маълумотларга кўра, ноқонуний қазиб олиш учун кимёвий реактивлар билан тўлдирилган тўртта сунъий ҳовуз ташкил этилиб, қарийб бир гектар ер майдони амалда ишлаб чиқариш ҳудудига айлантирилган. Олиб қўйилган материаллар экспертизага юборилган, ҳозирда тергов ҳаракатлари давом этмоқда.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!