Шайхонтоҳурда хонадонда чиққан ёнғин тезда бартараф этилди

16 феврал куни соат 20:51 да Шайхонтоҳур тумани, Тошкент шаҳри ҳудудида жойлашган Белтепа кўчасидаги шахсий уй-жойлардан бирида ёнғин содир бўлаётгани ҳақида хабар келиб тушди. Мурожаат Тошкент шаҳар Фавқулодда вазиятлар бош бошқармасига дарҳол етказилган.
Маълум қилинишича, қутқарув ва ёнғин ўчириш техникалари кўрсатилган манзилга соат 20:54 да, яъни бор-йўғи уч дақиқа ичида етиб борган. Ҳодиса жойига етиб келган бўлинмалар томонидан ёнғинни ўчириш ҳамда тарқалишининг олдини олиш бўйича амалий ҳаракатлар зудлик билан бошланган.
Айни пайтда масъул хизматлар томонидан вазият тўлиқ назоратга олингани маълум қилинди. Ёнғин келиб чиқиш сабаблари, шунингдек, етказилган моддий зарар ҳажмини аниқлаш бўйича тегишли ўрганиш ишлари олиб борилмоқда.
Дастлабки маълумотларга кўра, ушбу ҳолат оқибатида жабрланганлар йўқ. Қўшимча тафсилотлар аниқланиши билан расмий манбалар орқали жамоатчиликка маълум қилинади.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!