Наманган вилоятида авто ҳалокат: 11 ёшли бола вафот этди

Кеча, 18 февраль куни Наманган вилояти ҳудудида содир бўлган йўл-транспорт ҳодисаси оқибатида вояга етмаган бола ҳаётдан кўз юмди. Бу ҳақда Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги ахборот хизмати маълум қилди.
Дастлабки маълумотларга кўра, фожиали ҳодиса соат тахминан 08:30 ларда болаларни кундузги парвариш марказидан шаҳар томон олиб кетаётган автомобил иштирокида содир бўлган. Маълум қилинишича, мазкур транспорт воситасида “Умид чироғи” кундузги парвариш маркази тарбияланувчилари бўлган.
Йўл-транспорт ҳодисаси натижасида тарбияланувчилардан бири — 2015 йилда туғилган Ш.X. оғир тан жароҳатлари олган ва афсуски, воқеа жойида вафот этган.
Шу билан бирга, автомобиль салонида бўлган яна беш нафар бола турли даражада тан жароҳатлари билан зудлик билан шифохонага олиб кетилган. Уларга биринчи навбатда тез тиббий ёрдам кўрсатилиб, "Норин туман тиббиёт бирлашмаси"га жойлаштирилган.
Шифокорлар томонидан болаларга зарур тиббий муолажалар ўтказилган бўлиб, айни пайтда уларнинг аҳволи қониқарли, деб баҳоланмоқда.
Ҳодиса юзасидан тегишли ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан терговга қадар текширув ишлари бошланган. Айни дамда ЙТҲнинг аниқ сабаблари, воқеа қандай шароитда содир бўлгани ҳамда унга олиб келган барча ҳолатлар ўрганилмоқда.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!