Тошкентда Gentra қарши йўналишга чиқиб, икки машинага урилди

Шанба куни кечқурун Тошкент шаҳрининг марказий қисмида жойлашган Нукус кўчасида йирик йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлди.
Дастлабки маълумотларга кўра, қора рангли Gentra автомашинаси ҳаракат вақтида бошқарувни йўқотиб, қарши ҳаракат йўналишига чиқиб кетган. Оқибатда транспорт воситаси жиддий шикастланган, йўл четидаги светофор ускунаси ҳам синдирилган.
Тошкент шаҳар Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси маълум қилишича, Gentra рулида 19 ёшли А. О. бўлган.
Маълумотларга кўра, автоҳалокат Глинка кўчаси билан кесишма яқинида рўй берган. Gentra аввал ўзи билан бир йўналишда ҳаракатланаётган Nexia 3 автомобили билан тўқнашган. Шундан сўнг машина бетон тўсиқдан ошиб ўтиб, чорраҳада тўхтаб турган Cobalt автомашинасига бориб урилган.
Воқеа жойига тезкор равишда етиб келган тиббиёт ходимлари Gentra ҳайдовчисига биринчи тиббий ёрдам кўрсатган.
Йўл-транспорт ҳодисасининг дастлабки сабаби сифатида юқори тезлик қайд этилмоқда. Шунингдек, мутасаддилар таъкидлашича, мазкур кўча қисмида тезликни ошириб ҳаракатланиш ҳолатлари мунтазам равишда кузатилиб келинади.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!