date

“Lacetti” ва “BYD” иштирокидаги тўқнашув: 109 миллион сўмлик зарар

“Lacetti” ва “BYD” иштирокидаги тўқнашув: 109 миллион сўмлик зарар

Йўл ҳаракати қоидаларига қатъий амал қилиш — бу нафақат шахсий хавфсизлик, балки атрофдагилар ҳаёти ва саломатлигини асрашнинг энг муҳим кафолатидир. Ҳар бир ҳайдовчи рулга ўтирар экан, катта масъулиятни ўз зиммасига олганини унутмаслиги лозим. Афсуски, қоидаларга бепарволик ва эътиборсизлик баъзан оғир ва қиммат оқибатларга сабаб бўлади.

Ана шундай кўнгилсиз ҳолатлардан бири Тошкент шаҳрининг Учтепа туманида содир бўлди. Сурхондарё вилоятида яшовчи ҳайдовчи ўзининг “Lacetti” русумли автомашинасида тенг аҳамиятга эга бўлмаган йўллар кесишган чорраҳада ҳаракатланаётган вақтда йўл ҳаракати қоидаларини қўпол равишда бузган. У иккинчи даражали йўлдан чиқиб келар экан, асосий йўлдан яқинлашаётган транспорт воситаларига йўл бериш шартлигини инкор этиб, ҳаракатни давом эттирган. Натижада асосий йўлда ҳаракатланаётган “BYD” русумли автомашина билан тўқнашув содир бўлган.

Бахтсиз ҳодиса мутахассислар иштирокида атрофлича ўрганилиб, суд томонидан айбдор ҳайдовчига нисбатан қарор чиқарилди. Унга “BYD” русумли автомашинага етказилган 109 миллион сўм миқдоридаги моддий зарарни қоплаш мажбурияти юклатилди.

Мажбурий ижро бюросининг Шўрчи туман бўлими давлат ижрочилари томонидан олиб борилган тезкор ва самарали чора-тадбирлар натижасида мазкур маблағ қисқа муддат ичида тўлиқ ундирилиши таъминланди.

Бир қарашда оддий туюлган йўл ҳаракати қоидаларига амал қилмаслик Сурхондарёлик ҳайдовчига жуда қимматга тушди. Шу боис ҳар биримиз йўлда ҳаракатланаётганимизда масъулиятни ҳис этган ҳолда, белгиланган тартиб-қоидаларга сўзсиз риоя қилишимиз шарт. Зеро, эҳтиёткорлик — ҳаёт гаровидир.

Ctrl
Enter
Хато топдингизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Маълумот
Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.
Янгиликлар » Жамият » “Lacetti” ва “BYD” иштирокидаги тўқнашув: 109 миллион сўмлик зарар