Францияда оғир аҳволга тушган ўзбекистонлик ватанга қайтарилди

Францияда соғлиғи кескин ёмонлашиб, узоқ вақт шифохонада даволанган Ўзбекистон фуқароси Ш.А. мамлакатга қайтарилди. Бу ҳақда “Дунё” ахборот агентлиги хабар берди.
Қайд этилишича, Ўзбекистоннинг Франциядаги элчихонаси Миграция агентлиги билан ҳамкорликда оғир вазиятга тушиб қолган ватандошимизнинг Ўзбекистонга қайтишига амалий ёрдам кўрсатган.
Ш.А. Европага юк автомобили ҳайдовчиси сифатида ишлаш учун борган. Францияда бўлиб турган вақтида унинг соғлиғи кескин ёмонлашиб, Тур шаҳридаги шифохонага ётқизилган. У ерда узоқ муддат даволанган.
Фуқаро шифохонада бўлган даврда Ўзбекистоннинг Франциядаги дипломатик миссияси у ва тиббиёт муассасаси билан доимий алоқада бўлиб, зарур кўмак кўрсатган.
Соғлиғи яхшилангач, Ш.А. Ўзбекистонга эсон-омон олиб келинган. Эндиликда у оиласи бағрида соғлиғини тиклаб, кейинги даволанишини давом эттиради.
Элчихона хорижда қийин вазиятга тушиб қолган Ўзбекистон фуқароларига консуллик-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш бўйича ишларни давом эттираётганини маълум қилган.






























Изоҳлар 0
…