date

Карманада ўқувчилар иштирокида фожиали ЙТҲ содир бўлди

Карманада ўқувчилар иштирокида фожиали ЙТҲ содир бўлди

Навоий вилоятининг Кармана туманида мактаб ўқувчилари иштирокида юз берган йўл-транспорт ҳодисаси жамоатчилик орасида жиддий муҳокамаларга сабаб бўлмоқда. Ушбу фожиали воқеа ҳақида вилоят ИИБ ЙҲХБ ахборот хизмати расман маълумот тақдим этди.

Дастлабки маълумотларга кўра, ҳодиса 22 апрель куни тахминан соат 21:00 лар атрофида туманнинг Малик маҳалласи ҳудудида содир бўлган. Аниқланишича, Ҳазора қишлоғида жойлашган 22-умумтаълим мактабининг икки нафар ўқувчиси бўлган Cobalt русумли енгил автомобиль бошқарувни йўқотиб, йўл четидан чиқиб кетган.

Афсуски, ушбу йўл-транспорт ҳодисаси оғир оқибатлар билан якунланган. 9-синф ўқувчиси И.Ҳ. оғир жароҳатлар туфайли шифохонада вафот этган. У билан бирга бўлган 11-синф ўқувчиси эса турли даражадаги тан жароҳатлари билан тиббий муассасага ётқизилган ва ҳозирда шифокорлар назорати остида даволанмоқда.

Мазкур ҳолатдан сўнг Навоий вилояти ИИБ ЙҲХБ томонидан мактабда юқори синф ўқувчилари иштирокида махсус тушунтириш ва муҳокама йиғилиши ташкил этилди. Унда ёшлар ўртасида йўл ҳаракати қоидаларига риоя қилиш, транспорт воситаларини бошқаришда масъулият ва эҳтиёткорлик масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Қўшимча манбаларга кўра, ушбу автомашина жароҳат олган ўқувчининг отасига тегишли бўлган. Бироқ у рулни бошқа шахсга берганини маълум қилган. Ҳозирда айнан ким транспорт воситасини бошқарганини аниқлаш мақсадида экспертиза тайинланиши мумкинлиги айтилмоқда.

Бу каби ҳодисалар яна бир бор йўлларда хавфсизлик қоидаларига қатъий амал қилиш зарурлигини эслатади. Айниқса, вояга етмаганлар томонидан транспорт воситасини бошқариш жуда катта хавф туғдириши, қайғули оқибатларга олиб келиши мумкин.

Ctrl
Enter
Хато топдингизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Маълумот
Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.
Янгиликлар » Жамият » Карманада ўқувчилар иштирокида фожиали ЙТҲ содир бўлди