Фуқаро манфаати ҳимоя қилинди

Мажбурий ижро бюросининг Учтепа туман бўлими иш юритувида бўлган ижро ҳужжатига асосан, қарздор Ф.Р.дан ундирувчи П.С. фойдасига 90 184,9 минг сўм қарз ундириш белгиланган эди.
Мазкур ижро ҳужжати 2026 йил 14 март куни бўлимга келиб тушиб, шу куннинг ўзида ижро иши қўзғатилди. Қарздорга қонунчиликка мувофиқ ихтиёрий равишда тўлаш учун 15 кунлик муддат берилди. Бироқ белгиланган муддатда қарздор томонидан тўлов амалга оширилмади.
Шундан сўнг давлат ижрочилари томонидан мажбурий ижро чоралари қўлланилди. Жумладан, қарздорнинг чет элга чиқиш ҳуқуқи вақтинча чекланди, шунингдек, унинг мол-мулкини аниқлаш мақсадида тегишли ташкилотларга сўровлар юборилди. Олинган жавобларга кўра, қарздор номида расмий мулк мавжуд эмаслиги маълум бўлди.
2026 йил 6 апрель куни қарздорнинг яшаш манзилига чиқилиб, унга суд қарорини бажариш зарурлиги, бажармасликнинг ҳуқуқий оқибатлари батафсил тушунтирилди. Шунингдек, қарздордан қарзни тўлаш бўйича мажбуриятнома олинди.
Олиб борилган изчил ва самарали ижро ҳаракатлари натижасида, 2026 йил 20 апрель куни қарздор томонидан 90 184,9 минг сўм қарз тўлиқ қопланди.
Ундирилган маблағлар эса 2026 йил 21 апрель куни ундирувчининг мурожаатига асосан унинг пластик картасига ўтказиб берилди. Шу тариқа, фуқаро манфаати таъминланди.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!