Тошкентда “закладчик” қўлга олинди

Тошкент шаҳрининг Шайхонтоҳур туманида ўтказилган тезкор тадбир натижасида гиёҳвандлик моддаларини “закладка” усулида тарқатиб юрган шахс қўлга олинди. Бу ҳақда Ички ишлар вазирлиги маълум қилди.
Расмий маълумотларга кўра, ҳуқуқ-тартибот органлари томонидан Артём исмли фуқаро текширилганда, унинг ёнидан 20 дона қора елимга ўралган “гашиш” моддаси аниқланган. Шундан сўнг гумонланувчининг мобил телефони кўздан кечирилганда, яна 14 та турли манзилда яширилган гиёҳвандлик воситаларининг жойлашуви (локацияси) топилган.
Тезкор тадбирлар давом эттирилиб, унинг яшаш хонадони ҳам текширилди. Натижада у ердан 28 дона кўк рангли ва 9 дона қора рангли ўрамларда қадоқланган гиёҳвандлик моддалар, шунингдек, электрон тарози ва бошқа далилий ашёлар аниқланиб, мусодара қилинди.
Гумонланувчи ўз кўрсатмасида ушбу ноқонуний фаолият билан шуғулланганини тан олиб, ёшларга мурожаат қилган:
“Мени ушлашганда ёнимда гиёҳвандлик моддаси бор эди. Уйимдан ҳам топилди. Барча тенгдошларимга бу йўлдан юрмасликни тавсия қиламан, бу ишнинг охири ёмон бўлади”, — дея билдириб ўтган.
Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 273-моддаси 5-қисми билан жиноят иши қўзғатилган. Ҳозирда гумонланувчига нисбатан “қамоқ” эҳтиёт чораси қўлланилиб, тергов ҳаракатлари давом эттирилмоқда.
Мутасаддилар бу каби жиноятларга қарши кураш изчил давом эттирилишини таъкидлаб, фуқароларни ҳушёр бўлишга чақирмоқда.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!