18:59 / 08.04.2017
8 121

Ўзбекистонда ноқонуний “металлолом”чилар қўлга олинди


Наманган вилояти божхона бошқармаси ходимлари томонидан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи бошқа идоралар вакиллари билан ҳамкорликда Уйчи туманининг қўшни давлатга туташ чегара олди ҳудудида ҳаракатланаётган, ушбу туманда истиқомат қилувчи А.Азизов бошқарувидаги ВАЗ-21011 русумли автомашина тўхтатилиб текширилганда, автомашинанинг ички салони ва юкхонасига республикамиздан яширин тарзда олиб чиқиш мақсадида 10 та қопда салкам 0.5 тонна латун рангли металл парчалари ортилгани аниқланди, дея хабар берди Давлат божхона қўмитаси Ахборот хизматига таяниб "Қалампир.уз" нашри.

Қашқадарё вилояти божхона бошқармаси ходимлари томонидан олиб борилган тезкор тадбирлар давомида Қарши шаҳрида ҳаракатланаётган “Форд” автотранспорт воситалари тўхтатилиб текширилганда, уларнинг бирида фуқаролар Ш.Ризоев ва Ф.Жабборовга тегишли қиймати 5 млн. сўмлан ортиқ 2 тонна 300 кг. оғирликдаги мис ва латун рангли металл чиқиндилари ноқонуний равишда олиб кетилаётгани аниқланди.

Иккинчи “Форд”да ҳам худди шундай ҳолат. Ушбу автотраспорт воситасига ҳам кейинчалик мамлакатимиздан олиб чиқиб кетиш мақсади учун кўзланган 1 тонна 800 кг.дан ортиқ мис ва латун рангли металл парчалари ортилган экан. Қиймати 5 млн. сўмдан ортиқ мазкур товар-моддий бойликлар фуқаро Ж.Жўраевга тегишли бўлиб чиқди.

“Фарғона” чегара-божхона пости орқали қўшни давлатга чиқиб кетаётган, фуқаро Н.Ҳомидов ўзи бошқарувидаги “Камаз” юк автомашинаси ўрнатилган тартибда божхона назоратидан ўтказилишдан аввал йўловчи божхона декларациясида ҳам, божхона ходимларининг оғзаки сўрови пайтида ҳам ёнида ортиқча юклари йўқлигини маълум қилади.

Аммо, божхона кўриги давомида ушбу автотранспорт воситаси юкхонасида кигиз ва ёғоч билан тўсилган яширин бўлма ташкил қилингани ва унга 1 тонна 400 кг. оғирликдаги 176 дона муқаддам фойдаланилган аккумуляторлар ортилгани аниқланди.

Худди шу усулни қўллаган фуқаро Б.Жўраев салкам 1, 9 тонна оғирликдаги 172 дона, М.Таштанов эса салкам 160 кг. оғирликдаги 24 дона аккумуляторларни яширин равишда олиб чиқишга уринган пайтда божхоначилар томонидан тўхтатиб қолинди.

Бухоро вилояти Ғиждувон туманида истиқомат қилувчи Ж.Фармоновнинг хонадони амалдаги тартибларга мувофиқ ва холислар иштирокида кўздан кечирилиши натижасида, хонадонда 1 тонна 700 кг.дан ортиқ рангли металл парчалари ноқонуний равишда сақлаб келинаётгани аниқланди.

Шунингдек, вилоят божхоначилари фуқаро Р.Норов томонидан “Исузу” русумли юк автомашинасида ноқонуний равишда олиб кетилаётган 4 тонна 100 кг.га яқин рангли металл парчаларини ўз вақтида тўхтатиб қолишди.

Ҳозирда мазкур ҳолатлар юзасидан божхона текширувлари ва суриштирув жараёнлари давом эттирилмоқда.

Рақамларга мурожаат қилсак, жорий йилнинг дастлабки чораги мобайнида республикамиз божхоначилари томонидан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи бошқа идоралар вакиллари билан ҳамкорликда аниқланган 42 та қонунбузарлик ҳолатида қиймати 52,5 млн. сўмлик 35 тоннадан ортиқ қора ва рангли металл парчаларининг ноқонуний айланмаси ва олиб ўтилишига чек қўйилган.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Ўзбекистонда ноқонуний “металлолом”чилар қўлга олинди