Паркентда онасига таҳдид қилган аёл қамоққа олинди

Тошкент вилоятининг Паркент туманида ўз онасига нисбатан ҳақорат ва таҳдид қилган 37 ёшли аёлга нисбатан маъмурий жазо қўлланилди.
Маълум қилинишича, ҳодиса жорий йилнинг 6 май куни юз берган бўлиб, шу куннинг ўзида ҳудудий ички ишлар органлари томонидан назоратга олиниб, ўрганилган. Аёл онасига нисбатан ҳақоратли сўзлар ишлатиб, уни ўлдириш билан қўрқитгани аниқланган.
Аниқланишича, мазкур шахс руҳий касалликлар диспансерида рўйхатда туради ва илгари ҳам даволаниш муолажаларини олган. Унинг хатти-ҳаракатларидаги айрим ноодатий ҳолатлар ҳам айнан соғлиғи билан боғлиқ экани қайд этилган.
Шунингдек, аёл аввалроқ онасига нисбатан берилган ҳимоя ордери талабларини ҳам бузган. Шу боис унга нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг бир нечта моддалари — ҳимоя ордерига амал қилмаслик, майда безорилик ва ҳақорат қилиш ҳолатлари бўйича ҳужжатлар расмийлаштирилган.
Суд қарорига кўра, 37 ёшли аёл 5 сутка муддатга маъмурий қамоқ жазосига ҳукм қилинди. Мутасаддилар бундай ҳолатларда оилавий низоларни зўравонликсиз, қонуний йўл билан ҳал қилиш зарурлигини эслатмоқда.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!