Наманганда 1 ёшли бола ҳожатхонага тушиб кетди

Наманган вилоятининг Уйчи туманида 2025 йилда туғилган 1 ёшли чақалоқ ҳожатхона чуқурига тушиб кетгани ҳақида Фавқулодда вазиятлар вазирлиги маълум қилди.
Ҳодиса 22 май куни соат 18:47 атрофида туманнинг “Муборак” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида содир бўлган. Маълумотларга кўра, уй эгасининг 2025 йилда туғилган ўғил фарзанди назоратсиз қолгани ва эҳтиётсизлик оқибатида ҳовлидаги ҳожатхона чуқурига тушиб кетган.
Вазият юзасидан зудлик билан қутқарув хизмати ходимлари чақирилган. ФВВ қутқарувчилари воқеа жойига тезкор етиб келиб, қутқарув ишларини бошлаган. Қутқарувчилардан бири чуқурга тушиб, чақалоқни эҳтиёткорлик билан юқорига олиб чиққан.
Шундан сўнг болага тез тиббий ёрдам кўрсатилган ва у шифокорлар назоратида кўрикдан ўтказилган. Расмий маълумотларга кўра, чақалоқнинг аҳволи ҳозирда яхши бўлиб, у яқинларига топширилган.
Мутахассислар бундай ҳолатлар кўпинча болалар назоратсиз қолганда юзага келишини таъкидлаб, ота-оналарни эҳтиёткорликка чақирмоқда.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!