09:28 / 10.05.2017
8 518

Сариқ шайтон васвасаси...

Сариқ шайтон васвасаси...
Ҳусан бозордаги савдосини тугатиб, эндигина уйига кирганди. Одатига кўра, тезроқ юз-қўлини чайиб, бир кунлик даромадини хомчўт қилмоқчи эди. Хотини Хурсаной кутилмаганда қўшни хонадан туриб қичқирди.
— Дадаси, тез келинг! Дадам сиз билан гаплашмоқчи!
У сездики, қайнотаси қўнғироқ қилган. Афтини бужмайтирганча хона эшигига яқинлашди.
— Менга қара, — деди қовоқларини уйганча шивирлаб. — Дадангга ухлаб қолди деб қўя қолгин! Ҳозир ҳеч кимга кўзим учиб тургани йўқ.
— Вой, бу сизнинг дадангиз, — дея кулди Хурсаной. — Эшитяпсизми? Сизнинг дадангиз деяпман!
— Менинг дадам? — Ҳусан бу гапни эшитгани заҳоти туси ўзгариб хотинига хезланди. — Ҳадеб сайрайвермай, гўшакни жойига қўй. Менинг дадам йўқ. Дадам ўлган менинг!..
— Худодан қўрқинг, дадаси, — дея қайнотаси эшитиб қолмаслиги учун гўшакни кафтлари билан беркитиб олди Хурсаной. — Шунча йилдан бери хабар олмаган бўлсангиз!.. Соғингандир-да қариган чоғида! Бир оғиз ҳол сўраш шунчалик қийинми?
— Майли, — зардали жавоб қилди Ҳусан. — Олдин сўра, муддаоси нимайкан? Агар хабар олишим керак бўлса, айт, келаси ҳафтада бирров бориб келаман!.. Ҳа, мен шунақа одамман! Паст кетишни ёмон кўраман!.. Қизиғ-а одамлар! Ўн беш йилдан бери бир марта болам бориди деб қўймаган одам энди қўнғироқ қилгани-чи!?. Менга ўтказиб қўйган ери йўқ!
Хурсаной, индамай, гўшакни қайтадан қулоғига босди ва бирпасдан кейин эрининг ёнига чиқиб келди.
— Ҳай, дадаси, суюнчи беринг, — деди у Ҳусаннинг бўйнига осилиб. — Дадам сизга бир дунё тилла йиғиб қўйганакан. «Ҳусанбойдан бўлак меросхўрим йўқ, тез келсин, омонатини топширай», деди.
— Тилла? — Ҳусан қулоқларига ишонмай, хотинига бақрайди. — Қанақа тилла?
— Мен қаердан билай? Дадам шундай деди. Эртагаёқ бориб меросни қабул қилиб оларкансиз! Айтганча, менам бораман-а? Ҳарқалай, шунча бойликни бир ўзингиз опкелишингиз хавфли-да, дадаси!..
Ҳусан тилла сўзини эшитгандаёқ гўё дунёни унутгандек эди. Рангига қон югуриб, оғзининг таноби қочганча ҳануз Хурсанойга тикиларди.
— Ҳой, дадаси, — уни туртди Хурсаной. — Сизга нима бўлди?
Ҳусан беихтиёр бир қадам ортга тисланди-ю, атрофга аланглади.
— Хотин, яхшиям дадам бор-а! — Ҳусан дарҳол «чопонини ўзгартир»ди. Яқиндагина отасининг номини ҳам эшитишни истамаган қулоқлари қизиб, кўзлари худди парда тортилган каби қисилганча бош силкита бошлади. — Қара, бир дунё тиллани мен учун йиғиб юрган экан! Йўқ… Отажонимдан албатта хабар олишим керак! Қариб қолгандир шўрлик отам! Ҳа, хотин, нима оборсам экан-а? Телевизор оборайми? Ё… Ҳазиллашдимикан-а? Нима дейсан?
— Қари одам ҳазиллашармиди? Ўйлаб гапиряпсизми?
— Ҳа-я!.. — деди кафтларини бир-бирига ишқалаб Ҳусан. — Эртагаёқ бориб «пахан»дан хабар олиш керак!
— Боягина дадангизни кўришга кўзингиз бўлмаётганди-ку, — даҳанаки гина қилган бўлди Хурсаной. — Қаёқдан кун чиқди? Бойликнинг дарагини эшитиб…
— Қанақа бойлик? — хотинини жеркиб ташлади Ҳусан. — Ўша бойликни бермасаям борардим кўришга дадажонимни!.. Эҳ, ўзимнинг куйинчак дадам-а! Қариган чоғингиздаям менинг ташвишимни тортибсиз-да!..
— Энди тез-тез хабардор бўлиб турарсиз-а дадамиздан? — сўради Хурсаной. — Ё ишингиз битгач, яна баҳоналар тўқийсизми?
— Аҳмоқона гапларни қўй, — деди Ҳусан қулочини кериб. — Албатта хабардор бўламан! Ахир, дадам-ку!.. Э, бас қилгин жиннича саволлар беришни! Ундан кўра, нарсаларимни тайёрлашни бошла! Азонда йўлга тушаман!
— Мениям оборасизми?
— Нима? Хотин кишига пишириб қўйибдими бойлик кетидан қувиб? Аёл киши аралашган иш тескарисига кетади. Мени кутасан уйда! Келишимга қулинг ўргилсин паловхонтўра дамлайсан! Майли, мен кириб дам олай! Эрта туришим керак!..
* * *
Ҳусаннинг ота уйи каттакон бир қишлоқнинг охирида жойлашган эди.
Кесакдевор билан ўралган кўримсизгина ҳовлига қаради-ю, Ҳусаннинг энсаси қотди.
— Бу… Уйнинг туриши манавинақанги бўлса… Бобой лақиллатмаганмикан ишқилиб? Шундай йўл билан мени кўришга ошифтамасмикан? Агар шундай бўлса… Кечирмайман уни, ҳа!..
Шундай хаёллар билан ҳовлига қадам қўйди. Ҳали ҳовли ўртасига етмай, тандирхонадан юзлари офтобда куйган, қорамағиз, чуваккина жувон чиқди. Ҳусанга кўзи тушди-ю, лаблари пулкиллаганча яқин келди.
— Вой, Ҳусанбойиммисан? — Ҳусанни маҳкам қучиб йиғи аралаш сўради жувон. — Ўзимнинг жияниммисан? Вой, бўйларингга бўй тумор! Сени соғиниб кетдим-ку!..
«Уф-ф, энди манавинақанги қора-қура амма етмай турувди, — хаёлан энсасини қотирди Ҳусан. — Бунинг устамонлиги-чи?!. Соғинганмиш! Соғинсанг, аллақачон уйимни топиб борардиларинг!..»
— Дадам шу ердами? — сўради Ҳусан аммасига сир бой бермай. — Ё…
— Мени танидингми ўзи? — жавоб ўрнига Ҳусаннинг икки елкасини маҳкам сиқимлаб олди жувон. — Мен Холниса амманг бўламан! Бу уйдан кетганингда кичкинагина болайдинг! Сени ўзим ҳар куни ҳалинчакда учирардим, ўт теришга чиқсам ҳам ўзим билан бирга опкетардим…
— Илтимос… Амма… — Бу сўзни мажбуран бўлса-да тилига кўчирди Ҳусан. — Албатта танидим! Фақат… Дадамдан хавотир олиб сал кайфиятим йўғиди. Кечиринг! Бунинг устига жуда вақтим зиқ. Шунга… Дадамни кўрсам девдим!..
Холниса опа жавоб беришга шошилмай, кўз ёшларини кўйлаги этагига артиб даҳлизга ишора қилди.
— Ҳа, акам шўрлик ўсал ётибди. Сенга юраги оқиб кетди, ўргилай! Қари дадангни маҳтал қилмай кирақолгин унда, Ҳусанбой! Мен дарров дўппидай ош дамлайман!..
Ҳусан аммасининг гапларига умуман эътибор бермай даҳлиз томон юрди. Хаёлида эса фақат бир жумла айланарди: «Ишқилиб бобой алдамаган бўлсин!..»
Дадаси Ҳалимбой ота жуда озиб кетган, қалин қилиб қавилган бахмал кўрпага ўранганча шифтга тикилиб ётарди. Ҳусанбой хонага кириши билан илкис бошини у томон бурди ва фарзандини таниб ўрнидан туришга чоғланди.
— Йўқ, йўқ, турмангиз, — деди Ҳусан отасининг елкасидан босиб. — Турмангиз!
— Ҳусанбойим-а, — дея хириллаган товушда сўз қотди Ҳалимбой ота. — Сени кўрмай ўлиб кетармиканман деб ўйловдим. Хайрият, худонинг ўзи етказди сени! Хўш, тинчмисан? Келиним яхшими?..
«Шу одам экан-да дадам, — ўйлади Ҳусан ранги пахтадек оқарган, оппоқ соқоли кўксига қадар тушаёзган Ҳалимбой отага ер остидан боқиб. — Шу туришида тилла нима қиларди унда!?. Эссиз… Бекор келган кўринаман!.. Бобойнинг алдаётгани аниқ…»
— Майли, болам, — орадаги сукунатни бузиб гап бошлади Ҳалимбой ота. — Биламан, мендан хафасан. Хафа бўлишга ҳақинг бор! Чунки кичкиналигингда сендан хабар ололмадим, ҳол сўролмадим. Шундай экан… Тилпонда айтганим… Ҳалиги… Пича давлатим бор. Ўшанга ўзинг эгалик қилгин! Даданг ўтиб кетгандан кейин юрагингда армон қолмасин! Яйраб яшнагин, ўйнаб-кулиб юргин! Мен кўрмаган яхши кунларни сен кўргин!
Бойлик дарагини эшитгандан кейингина Ҳусаннинг икки юзига қон югурди. Беихтиёр кулимсираб, қарияга қаттироқ тикилди. Тили ҳам қалбига бўйсунмаган ҳолда айлана кетди.
— Дада, нега ундай дейсиз? — деди Ҳусан ясама меҳр билан. — Мен хафамасман сиздан. Саломат юрсангиз бас! Доим хаёлимда бўлгансиз! Сизни хаёлан тасаввур қилиб, ухлаб қолардим… Айтганча… Нега бу аҳволда ётибсиз? Ахир… Сизни касалхонага ётқизиш керак! Ҳозир… Мен телефонимни топволай!..
— Қўй, керакмас, — дея Ҳусанни билагидан тортиб тинчлантирди Ҳалимбой ота. — Менинг касалим баннисаникимас. Ундан кўра, бор, оғилга кирсанг, қоплар тахланган. Тахини очсанг, бошқа бир қопда сенинг меросинг турибди. Ўшани опчиқ, болам!..
— Х-хўп бўлади, дадажон!.. — Ҳусан яна ясама мулозамат билан дадасининг икки елкасини кафтлари билан силаб қўйган бўлди-да, даст ўрнидан туриб оғилхонага йўл олди.
* * *
Кичик қопчадаги тилла танга-ю, тақинчоқларни жомадонига жойлаганча катта йўл четида кетиб борарди-ю, Ҳусан гўё еттинчи осмонда парвоз қиларди. Оёқлари худди ерга тегиб-тегмай одимлар, тили-ю, дили бир хилда сўйларди.
— Баннисага бормайманмиш, — ғудранарди ўзича у. — Мениям кўзим учиб тургани йўқ эди бу одамни баннисага обораман деб. Ҳа энди, манави бойликларни берган бўлса, оталик бурчи-да! Одамларнинг оталари керак бўлса ўғилларига самолёт оберяпти. Умуман, бир жиҳатдан қарияга ачинаман. Ҳалигидай кесакдевор уйда умри ўтибди. Локигин жуда пишиқ экан. Шунча бойликни оғилхонада асрабди-ю, бировга миқ этмабди. Оғзи қаттиқ-да! Шунинг учунам мендан — ёлғиз фарзандидан мундай хабардор бўлишга ярамаган. Майли, мана энди кимсан Ҳусанбойга айландим-қолдим. Қани энди унча-мунчаси йўлимга ғов бўлсин-чи, мана шу тилла тангалар билан бир уриб оғзини ёраман! Қандингни ур, Ҳусанбой, замон сеники буёғига!..
Ҳусан ғудрана-ғудрана автобусга чиқди-да, зум ўтмай шаҳарга етди. Поездга чиқиб дарҳол уйга жўнашни негадир хоҳламасди. Қўлидаги бойликларнинг селини чиқариш, айш қилиш илинжида ёнарди.
«Ялло қилиш биздақа бойларга ярашади-да, — кўнглидан ўтказди у йўл-йўлакай. — Ҳадемай, қадрдон уйимга етиб олсам, хотинбойниям оғзи қулоғига етади. Энди кўпро-оқ ҳурматлайдиган бўлади. Э, қаршимда икки қўлини кўксига қўйиб таъзимда бўлмасин-чи… Кавушини тўғрилаб қўяман!..»
Шу тобда қарама-қарши тарафдан келишган бир жувон ўтиб кетаётиб ўтли боққандек туйилди. Ҳусан жувоннинг кўз қарашини дарров англади. Таққа тўхтади-ю, чамаси эллик метрча нари кетиб улгурган жувон томонга қаради. У ҳам қур-қур Ҳусан тарафга бош буриб бораётган экан. Юришдан тўхтаб, кулимсираганча туриб қолди.
— Жа кетворган эканми қизиталоқ? — деди ўзига ўзи Ҳусан. — Афтидан мен билан кетгиси бор. Нима қилсамийкин? Чақирсам келармикан? Албатта келади. Мендай бойвачча ихтиёр қилади-ю, нозланармиди?!. Мана шу жонон билан ҳамсуҳбат бўлсам, армоним қолмасди…
Ҳусан таваккал қўл силтаб жувонни ўзи томон чорлади. Жувон ҳам шуни кутиб турганми, пилдираган кўйи юриб келиб Ҳусаннинг қаршисида тўхтади.
— Ҳа, ока, менда гапийз борми? — сўради мулойимлик билан. — Нега чақирдийз?..
— Мунча чиройлисиз? — дея гапни хушомаддан бошлади Ҳусан. — Сизнинг рўпарангиздан кетолмай қолдим-ку! Энди нима бўлади?..
— Юринг, унда бир пиёла чой устида суҳбат қурамиз, — деди жувон ҳам дангал. — Ё қўрқасизми?
— Мен-а? — беўхшов тиржайди Ҳусан. — Ўв, жонидан, мени Ҳусанбой деб қўйибди. Хафа қилма-анг ундай!..
— У ҳолда кетдик меникига!
— Гап йўқ. Фақат… Тузук-қуруқ дўконни кўрсатсангиз, майда-чуйда олволардим! Ҳарқалай, қуруқ чой билан чеклансак яхши бўлмас.
— Хўп бўлади, яхши йигит!
— Йўқ, — деди Ҳусан ҳийла жиддий тортиб. — Мени «бой ака» деб чақиринг!
— Ростданам боймисиз? Ўхшамайсиз-ку!
— Олдин уйингизга етволайлик, ана ундан кейин ўхшатамиз. Айтганча, отингиз нима ўзи?
— Марҳабо. Сизники-чи?
— Ҳусанбой менинг отим. Аммо бояги гапим гап.
— Тушундим, бой ака! Хўш, кетдикми?
— Кетдик!
* * *
Жувон уни тор, кўримсиз квартирага бошлаб кирди. Кириб ўтиргач, Ҳусан идишлардаги ичимликларни музлаткичга қўйдирди. Сўнгра азбаройи ҳовлиқаётгани, мақтангиси келаётганидан Марҳабони ёнига чақирди.
— Менинг бойлигимга шубҳа қилдинг-а, шундайми? — сўради у Марҳабони «сен»лаб. — Мана менинг бойликларим. Бу мингдан бир қисми, холос.
— Вой ўлай-й, — Марҳабо жомадон ичидаги тилла танга ва тақинчоқларни кўриб ҳайратдан тош қотай деди. — Ш-шуларнинг ҳаммаси сизникими?
— Меники бўлмай катта холамники бўлармиди? — зарда аралаш жавоб қилди Ҳусан. — Албатта меники-да! Қани, яна бир марта «бой ака» десинлар-чи, хоним! Токи бой акангнинг кўнгли чоғлансин!
— Бой ака-а, — деди Марҳабо Ҳусаннинг қулоғига шивирлаб. — Минг марталаб бой акамси-из!..
— Ана шунақа-а, — керилиб жуссасини диванга ташлаб юборди Ҳусан. — Биз боймиз, ҳа! Вей, хоҳласам-чи, сениям авлод-аждодинг билан сотиб олиб қўяман! Ё ишонмайсанми?
— Ишонаман, — Ҳусаннинг сўнгги гапи алам қилиб, Марҳабо қовоғини уйди. — Ишонмай ўлибманми?.. Вой, эсим қурсин, бой ака, истайсизми сизни бугун би-ир меҳмон қиламан?
— Ў, иштаҳалар зўр-ку, — деди Ҳусан Марҳабога масхараомуз боқиб. — Хўш, нима билан меҳмон қиласан?
— Сиз опкелган ичимликлар музлаткичда тура қолсин! Мен жудаям зўрини беркитиб қўйгандим. Сизга насиб қилган экан. Йўқ демасангиз, опкеламан!
— Опкел, — буюрди Ҳусан ҳануз керилишдан тийилмай. — Бой аканг бугун сахий. Фойдаланиб қол!..
Марҳабо кўз очиб юмгунча патнисга ичимлик қуйилган иккита бокал, газак учун шоколад қўйиб пилдираганча чиқиб келди ва бокаллардан бирини икки қўллаб Ҳусанга узатди.
— Қани, бой ака, бугун фақат сиз учун қадаҳ кўтарамиз!..
Орадан бир неча ўн сония ўтдими-йўқми, негадир Ҳусан лоҳасланиб, кўзлари сузилганча бир нуқтага тикилиб қолди. Салдан кейин беихтиёр кўзларини юмди-ю, донг қотди…
Уйғонганда эса ёнида на жомадон, на Марҳабо бор эди. Ўзи зах ҳиди уфуриб турган қандайдир ертўлада ётарди.
Ҳусан бир муддат ўзини қўлга олишга тиришиб, атрофга аланглади. Алданганига, чув тушганига амин бўлгач, бошини чангаллаганча оҳ тортиб юборди. Бироқ шу аҳволда ҳам ўз айбини, гуноҳларини тан олмасди. Отасига нисбатан айтган ҳақоратли сўзлари, қора нияти худога-да хуш келмаганини идрок этмасди. Ертўлани бошига кўтариб тўтидек бир гапни такрорларди:
— У отаммас! Атайин менга дам солинган, қарғиш ёғдирилган бойликларни берган! Куйиб, расвойи олам бўлиб ўлсин деган!. Мени кўролмайди у, ҳа, кўролмайди-и!!!

Олимжон ҲАЙИТ

Манба: Hordiq.uz

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Сариқ шайтон васвасаси...