11:37 / 15.05.2017
8 158

Ҳукуматга шикоят: товуғим тухум туғмаяпти!

Ҳукуматга шикоят: товуғим тухум туғмаяпти!
Ким нима деса десин-у, лекин бу йил юртимиз учун чиндан ҳам ажойиб, кўпдан буён умид-ла кутилган ва ҳатто умид қилишга журъат этилмаган янгиликларга бой, одамлар қалбида эртанги кунга комил ишонч ҳиссини уйғотган, кўпчиликнинг орзу-ҳаваси рўёбга чиқаётган, муҳими, чиндан ҳам инсон манфаатлари учун хизмат қилаётган йил бўляпти.

Инсон манфаатлари йўлида республикамиз ҳукумати томонидан жуда кўп чора-тадбирлар кўриляпти, хусусан, томорқа хўжалигига эга кам таъминланган оилаларга, уларнинг косаси оқариб, бири икки бўлиши учун моддий-молиявий ёрдам кўрсатиляпти.

Бир дўстимнинг сўзларига қараганда, вилоятларимиздан бирида истиқомат қиладиган бир камбағал киши ҳам моддий ёрдам тариқасида берилган товуқларни эл қатори қабул қилиб олибди. Лекин орадан ҳеч қанча вақт ўтмай, ўша инсондан ҳукуматга шикоят келиб тушибди. Хатида баён этишича, ҳокимият вакиллари уни боплаб алдаб кетишибди, хусусан, унга ажратилган товуқлар дастлаб туппа-тузук тухум берибди-ю, бир-икки ҳафта ўтгач, умуман туғмай қўйибди.

Ҳукумат томонидан тузилган комиссия зудлик билан шикоятчининг уйига етиб келибди. Хат мазмуни ўрганиб чиқилиб, қуйидаги ҳолат аниқланибди: чиндан ҳам шикоятчига товуқларнинг муайян сони ажратилган. Боз устига, товуқ емининг (дон, комбикорм кабиларнинг) маълум миқдори ҳам берилган. Вақт ўтиб, табиийки, ажратилган ем ниҳоясига етган.

– Давлат берган ем тугаганидан кейин товуққа нима беряпсиз? – сўрабди комиссия аъзоларидан бири.

– Дастурхонимдан ортган нарсани қоқиб бераман, қолганини ўзи, ер титкилаб топиб ейди-да, товуқ-ку, ахир бу! – жавоб берибди шикоятчи, «аҳмоқона» саволдан ҳайрон бўлиб.

Азизлар, ўзбекнинг бир товуққа ҳам дон керак, ҳам сув керак, деган нақлининг мазмунини эмас, айримлар аслида нима сабабдан камбағаллик ҳолатига тушиб қолаётгани ҳақида фикр юритиб кўрайлик.

Манба: hilol.uz

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Ҳукуматга шикоят: товуғим тухум туғмаяпти!