16:01 / 31.05.2017
42 627

Бепарво эркак, телефон текширадиган хотин ва уйига шошилмайдиган эр!

Бепарво эркак, телефон текширадиган хотин ва уйига шошилмайдиган эр!
Оилавий масалаларда кўпчилик уй бекалари хат ва қўнғироқлар билан мурожаат қилишади. Улардан айримларига психотерапевт Зебунисо АҲМЕДОВА жавоб беради.

Турмуш ўртоғимни барчадан, ҳаттоки ҳамкасабаларидан ҳам қизғанаман. Рашким туфайли ўртамизда тез-тез жанжал чиқади. Алам қиладигани турмуш ўртоғим хафа бўлсам, овутмайдилар ҳам. Рашк оловида ёниб, кул бўляпман. Маслаҳат беринг…
Наргиза Тошбекова, Тошкент шаҳри

Руҳшунос маслаҳати: Оилада рашк бўлгани яхши, аммо у ҳам меъёрида бўлгани тузук. Шу туфайли низолар келиб чиқаётган бўлса, албатта унинг сабабларини ўрганиб чиқиш керак бўлади. Рашк нимадан келиб чиқади? Меҳр-эътибор етишмаслигидан ва инсоннинг ўзига ишончи йўқлигидан. Эр агар аёлига етарлича меҳр бера олмаётган бўлса, аёл рашк қилади. Унда: “Менга тегишли бўлган меҳр кимгадир кетиб қоляпти”, деган тушунча пайдо бўлади. Бунда нафақат аёлнинг балки эркакнинг ҳам айби бор. У аёлига етарлича эътибор кўрсатмаяпти. Эътибор деб кўпчилик эркаклар аёлга нимадир олиб беришни тушунишади. Аммо уни меҳр билан бирга бермаса, аёл буни ҳам сезади. Уй бекаларига рашк яна қачон пайдо бўлади? Ўзидан қониқмаганда. Ўзини бошқа аёллар олдида паст сездими, тамом, у рашк қилишни бошлайди. Инсон ҳар доим ўзига юқори баҳо бериши керак. Бошқа аёллар уни енгиб қўйишидан қўрқиб яшаш ҳам кучли рашкка сабаб бўлади. Шунинг учун аёллар беъмани хаёлларга берилиб, ўзларини сиқмасликларини, ундан кўра ташқи кўринишларига алоҳида эътибор бериб, турмуш ўртоғи ишдан келганда уни уйда худди бирор байрамни кутиб олаётгандек қарши олишга одатланмоқлари керак.
***
Турмуш ўртоғим иш вақти тугагандан кейин ҳам, негадир уйга келишга шошилмайдилар. Эркакларнинг уйга шошилмаслиги сабаби нимада?
Дилрабо Йўлдошева, Самарқанд вилояти
Руҳшунос маслаҳати: Эр уйга келишга шошилмаётган бўлса, демак, уйда у кутган нарса йўқ. Ёки эркак ўзига нима кераклигини ўзи ҳам яхши англаб етгани йўқ. Яна шу истакни уйда ўзи ҳам ярата олмайди. Учинчиси, у истаган нарса ишхонанинг ўзида бор. Хотин нимага эрини ишдан қайтмаётганлиги сабабини ўйлаб кўриши керак. Балки уй болаларнинг шовқин-суронига тўладир. Агар эр шу сабабдан уйга шошилмаса, плакатга болалар билан тўла уй, сочилган ўйинчоқлар, кўп кишилик тўкин дастурхоннинг расмини чизиш керак. Яна бир суратда эса болаларсиз шинам уй, сокинлик ҳукм сурган совуқлик акс этган расмни чизиш лозим бўлади. Болалар билан яшашнинг ўзи катта бахт эканлигини эрнинг онгига сингдириш керак. Қолаверса, ҳамманинг ўз орзу-ниятлари бўлади. Кимнингдир энг асосий нияти оила бағрида бўлишга интилиш, яна кимдир ишида ҳар-хил ютуқларга эришишни мақсад қилган бўлади. Нима бўлган тақдирда ҳам хотин бақир-чақир қилиб, жанжал чиқармаслиги керак. Эрига ҳар доим ширин муомалада бўлса, қачондир эрнинг ҳам кўнгли юмшайди ва хотинини уйимнинг маликаси деб эъзозлайди.
***
Турмуш ўртоғим менга бутунлай бепарво. Уйга келиши билан телевизорга “ёпишиб” олади. Қанақа кийим кийганим, қандай пардоз қилганим унинг учун муҳим эмас. Эримнинг эътиборини қозониш учун қандай йўл топишни билмаяпман.
Ҳилола Ҳотамова, Андижон шаҳри

Руҳшунос маслаҳати: Оилада учта босқич бўлади. Биринчи босқичда эрнинг кўзига хотини ҳаммадан эпчил, пазанда, гўзал кўринади. Бу пайтда хотиннинг камчиликлари кўзига кўринмайди. Бу узоғи билан икки йилгача давом этади. Ундан кейинги босқичда рафиқасининг кичкина камчилиги ҳам кўзига улкан бўлиб кўринишни бошлайди. Баъзан кўнглидан “Қаердан ҳам шунга уйландим”, деган ўйлар ўтади. Учинчи босқичда эса фарзандлар улғайиб, ташвишлар ҳам кўпайган бўлади. Бундай пайтда ўй-хаёллардан чарчаган эр уйга келганда ўзини чалғитиш учун нимагадир қаттиқ “меҳр” қўяди. Бундай пайтда аёл кўпроқ эрининг ёнида бўлиб, дардларига ҳамдард бўлиши керак. Бахтли бўлиш осон эмас. Буни тушунган оқила ўзбек аёли сабр-матонат билан бу давр ҳам ортда қолишни бот-бот турмуш ўртоғига тушунтиради. Турмуш ўртоғи телевизор кўраётганда фарзандларига вақт ажратолмаса, аёл эрини болаларига яхши кўрсатишни билиши керак.

Эримнинг уяли телефонини текширадиган одатим бор. Бу эса турмуш ўртоғимга ёқмайди ва доим телефонини кўзимдан пана жойга қўйишга уринади. Бу эса мени баттар шубҳалантиради...
Гулнора Ризаева, Хоразм вилояти

Руҳшунос маслаҳати:
Уруш-жанжал қидирадиган аёллар сирасидан бўлманг! Агар сиз кучли ва ўзига ишонган аёл бўлганингизда телефонни текширмас эдингиз. Кучли аёлгина эри минг гаплашса ҳам, шубҳали ҳаракатлар қилса ҳам уни текширмайди. Гарчи ичидан ёниб турган бўлса ҳам рашк қилаётганини сездирмасликка интилади. Инсон нимани қидирса, уни албатта, топади. Масалан, уйда бирор буюмни йўқотсангиз, изласангиз топасиз. Меҳр қидирсангиз меҳр, хиёнат қидирсангиз, оғир бўлса-да айтишга мажбурман, хиёнат топасиз. Сиз телефондан нимани қидираётганингизни аниқ биласиз. Маслаҳатим, бу одатингизни ташланг. Эрингиздан меҳр-муҳаббатингизни ҳеч қачон аяманг.

Манба: Hordiq.uz

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Бепарво эркак, телефон текширадиган хотин ва уйига шошилмайдиган эр!