5 552
Шавкат Мирзиёев: "Эл-юртимизга иснод келтирадиган кимсалар нонкўрлардир, улар билан бошқача иш олиб борамиз"
Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 15 июнь куни бўлиб ўтган видеоселектор йиғилишида Саудияда ўтказилган халқаро саммит ҳамда унда кўтарилган терроризм ва экстремизмга қарши кураш масалаларига алоҳида тўхталди. Бу ҳақда Кун.уз нашри ёзмоқда.
"2016 йил октябрь ойида Ислом ҳамкорлик ташкилоти Ташқи ишлар вазирлари кенгашининг Тошкент шаҳрида ўтказилган учрашувида Ўзбекистон томонидан Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқотлар марказини тузиш тўғрисида ташаббус илгари сурилган эди.
Яқинда Саудия Арабистонига сафаримиз пайтида Ўзбекистон Республикаси ҳукумати билан Ислом тараққиёт банки ўртасида айни шу масала бўйича англашув меморандуми имзоланди, - деди Ўзбекистон Президенти. - Мазкур банк президенти Бандар Ҳажар жаноблари ушбу ташаббусни қўллаб-қувватлаб, “Ислом тараққиёт банки – бу Ўзбекистоннинг банки”, деб айтдилар. Бу сўзлар бутун ислом уммати, ислом жамоатчилигининг Имом Бухорий юртига, унинг авлодларига бўлган юксак ҳурмат-эҳтироми ифодаси, десак, айни ҳақиқат бўлади".
Шу ўринда Саудия Арабистонида ўтказилган халқаро саммитда катта-катта давлатлар, араб, мусулмон мамлакатлари ва АҚШ раҳбарияти бир фикрга алоҳида урғу берилгани, яъни жаҳолатга қарши маърифат, таълим-тарбияни кучайтириш билан курашиш зарур экани таъкидлангани қайд этилди.
"Бу фикрлар диний масаладаги бизнинг ёндашувимиз билан уйғун ва ҳамоҳанг экани айниқса эътиборлидир. Жумладан, АҚШ Президенти Дональд Трамп жаноби олийлари ҳам шу борада аниқ ва конструктив таклифларни илгари сурди", - дея Трампнинг сўзлари келтирилди:
"Мен Президент сифатида Америка халқи ва ўз номимдан кафолат бераман, биз терроризм ва экстремизмга қарши қаттиқ кураш олиб борамиз, бу йўлда, қайси дин вакили бўлишимиздан қатъи назар, барчамиз бирлашишимиз зарур. Ер юзида тинчликни сақлаш ва мустаҳкамлаш энг асосий вазифамиз бўлиши керак".
Шундай экан, бугунги кунда ижтимоий-маънавий ҳаётимизни ривожлантириш борасида амалга ошираётган ишларимизни янги босқичга кўтаришимиз, бунинг учун давлатимиз ва жамиятимизнинг барча куч ва имкониятларини сафарбар этишимиз шартлиги таъкидланди. Чунки ҳозирги вақтда дунё миқёсида ҳукм сураётган таҳликали вазият, сиёсий ва иқтисодий инқирозлардан ташвишга тушмаётган бирорта давлат ёки жамият йўқ.
"Айниқса, халқаро терроризм, экстремизм, наркотрафик, диний қарама-қаршилик, ноқонуний миграция, одам савдоси, экологик муаммолар, айрим минтақаларда иқтисодий ночорлик, ишсизлик, қашшоқлик кучайиб бораётгани бутун инсониятни қаттиқ хавотирга солмоқда", - деди Шавкат Мирзиёев.
Ана шундай ўта мураккаб ва қалтис шароитда қандай йўл тутиш, қандай қилиб тинчлик ва осойишталикни сақлаш, барқарор ривожланишни таъминлаш мумкин, деган савол барчамизни жиддий ўйлантириши зарурлигига эътибор қаратилди.
"Айниқса, кейинги пайтда турли мамлакатларда содир этилаётган террорчилик ҳаракатларининг ижрочилари қаторида миллатимизга мансуб кимсалар ҳам борлиги халқимизда афсус ва надомат уйғотмоқда.
Тинчлик ва осойишталикни, инсонийликни ҳамма нарсадан устун қўядиган халқимиз бундай шахсларни, уларнинг қилмишларини кескин қоралайди. Уларни ўзбек деган номга номуносиб деб ҳисоблайди.
Ҳозирги вақтда ёшлар, айниқса, чет элда ишлаб, ҳалол меҳнат билан даромад топаман, деб юрган фуқароларимиз терроризм ва экстремизм чангалига тушиб қолмаслиги учун биз барча чораларни кўряпмиз.
Авваламбор, қўшни давлатлар билан ҳамкорлик алоқаларини ривожлантиришга алоҳида аҳамият беряпмиз. Бизнинг мақсадимиз улар билан рақобат қилиш эмас, балки ҳамкорлик алоқаларини кучайтириш, умумий муаммоларни биргаликда ечишдан иборат.
Шу мақсадда, мана, Туркманистон ва Қозоғистон Республикасига қисқа муддатда икки марта ташриф билан бордик. Россия Федерацияси, Хитой Халқ Республикаси, Саудия Арабистонига ташрифларимиз ҳам самарали бўлди.
Россия Федерациясига давлат ташрифи чоғида меҳнат миграцияси бўйича муҳим келишувга эришдик. Бизнинг бу борадаги позициямиз аниқ: одам қаерда бўлса ҳам ишлаши, оиласи, бола-чақасини боқиши керак. Лекин у ҳалол меҳнат қилиши, қонуний йўл билан даромад топиши лозим. Бунинг учун давлатимиз барча шароитларни яратиб беришга тайёр.
Аммо яратилган имкониятлардан тўғри фойдаланмасдан, эгри қадам босадиган, эл-юртимизга иснод келтирадиган кимсалар – уларни нонкўр десак, тўғри бўлади – бундай шахслар билан бошқача иш олиб борамиз. Буюк шоиримиз Заҳириддин Муҳаммад Бобур айтганидек, “Ҳар кимки вафо қилса, вафо топқусидур, Ҳар кимки жафо қилса, жазо топқусидур”, - дея фикрини якунлади давлат раҳбари. “Замин” янгиликларини “Одноклассники”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
Организм ўзини токсинлардан қандай тозалайди?
Энди операциядан сўнг кесмалар ўрни икки баробар тезроқ битиши мумкин
Глобал очлик ва қашшоқликка қарши кураш алянсига 82 мамлакат аъзо бўлди
Омега-3 қандай қилиб озишга ёрдам беради?
Тюмен областига Ўзбекистондан меҳнат мигрантлари ишга жалб қилинади
Хатолар ва мағлубиятлар... улар кечириладими?
Ўзи чой дамлайди ва суҳбатлашади: дунёдаги биринчи “ақлли” чойнак тақдим этилди (видео)
КХДР Россияга 100 минггача ҳарбий юбориши мумкин