14:48 / 17.06.2017
11 268

Бизнес-ғоя: чиқиндини қайта ишлашдан даромад қилиш йўллари

Бизнес-ғоя: чиқиндини қайта ишлашдан даромад қилиш йўллари
Қаттиқ маиший чиқиндиларни қайта ишлаш инвестиция киритиш учун энг мақбул бизнес турларидан бири ҳисобланади. Бу бозордаги нисбатан эркин соҳа, чунки чиқиндиларни қайта ишловчи корхоналар Ўзбекистонда унчалик кўп эмас. Бу ҳақда «Коммерсантъ.uz»га асосланиб «Дарё» нашри ёзмоқда.

Бу бизнес юқори рентабелли бўлиб, мисол учун, бир килограмм пластик чиқиндисидан 0,8 килограмм иккиламчи хом ашёни олиш мумкин.

Ўзбекистонда ҳар куни 13 тоннадан ортиқ қаттиқ маиший чиқинди тўпланади. Улардан бор-йўғи 14 фоизга яқини қайта ишланади. Бунга 137 та ташкилот жалб этилган. Чиқиндилардан фойдали ва кам учрайдиган материалларни олишнинг ўзи 22,2 миллион долларга баҳоланмоқда.

Чиқиндидан нималар ҳосил қилинади?

Пластик

Ранг бўйича ажратилиб, турли ёт буюмлар ва ифлосгарчиликдан тозаланади, хом ашё прессланади. Шундан сўнг майдаланиб, буғ қозонида ишлов берилади, у ерда ифлосгарчиликлар қолдиқлари йўқотилади. Кейинги босқич чайиш ва сайқаллаш. Натижада турли рангдаги ва сифатдаги гранулаларга эга бўламиз. Улардан эса челаклар, яшиклар, черепица, брусчатка ва бошқа буюмлар ишлаб чиқарилади.

Қоғоз

Қоғоз сувга туширилиб, ундан ёт буюмлар тозаланади. Шундан сўнг қоғозга термомеханик қайта ишлов берилади. Аралашма юпқа тозалашдан ўтади ва элак орқали фильтрланади. Ундан эса ҳожатхона қоғози, картон, қадоқлаш учун материал, МДФ, МДП ва пакетлар ишлаб чиқарилади.

Автомобиль покришкаси

Майдаланиб, пиролиз реакциясидан ўтади. Майдаланган ва фильтрланган шишамассаси кўпинча мозаикалар ишлаб чиқаришда қўлланади.

Қурилиш чиқиндиси

Қурилишда қўлланувчи металл ва иккиламчи шағал олиш учун майдаланади.

Биологик чиқитлар

Биогаз қурилмалари органик ўғитлар ва биогаз (метан) ишлаб чиқаради.

Пул қаерда?

Тўплаш

Чиқинди тўплаш пунктини ташкил этиш чиқиндиларни жойида бирламчи саралаш ҳисобига маълум бир маблағ келтириши мумкин.

Саралаш

Полигон ва чиқиндихоналардаги ихтисослаштирилган саралаш станцияларида чиқиндиларни турларга ажратиш даромадли бизнес ҳисобланади.

Қайта ишлаш

Турли босқичли бўлиши мумкин: алоҳида элементларни қайта ишлаш, тўлиқ циклдаги қайта ишлаш заводи, биогаз қурилмалари, яримтайёр маҳсулотгача қайта ишлаш, тайёр маҳсулотни қайта ишлаш ва ишлаб чиқариш.

Чиқиндидан даромад қилишни қандай бошлаш мумкин?

Дастлаб қаттиқ маиший чиқиндининг қайси тури билан ишлашингизни аниқлаб олишингиз керак бўлади. Чунки универсал корхонани ташкил этиш жуда кўп маблағ талаб қилади. Тўлиқ циклдаги қаттиқ маиший чиқиндиларни қайта ишловчи завод 20 миллион долларга баҳоланади. Унинг бир турини қайта ишлашга ихтисослашган цех очиш эса 35 мингдан 300 минг долларгача баҳоланади.

Корхона учун қурилмаларнинг минимал комплекти майдалаш машинаси (дробилка), турларга ажратиш линияси, пресс, тўпловчи бункер ва магнитни ўз ичига олади. Аввал ишлатилган комплект 50 мингдан 70 минг долларгача туради.

Бунга ишчилар меҳнатига ҳақ тўлаш, хом ашё ва электр энергияси харажатларини ҳам қўшамиз. Ўртача ўлчамдаги корхона штати 40 нафарга яқин ишчини талаб қилади.

Сертификатлар ва бошқа зарур ҳужжатлар

Қаттиқ маиший чиқиндиларни қайта ишлаш билан қонуний асосда шуғулланиш учун Давлат экология қўмитасидан лицензия олиш талаб этилади. Давлат экологик экспертизасини ўтказиш эса энг кам ойлик иш ҳақининг 25—70 баробаригача тайинланади.

Тадбиркор, шунингдек, ёнғинга қарши, санитария хизматидан рухсат олиши, лойиҳа ҳужжатларини тайёрлаши лозим. Барча ҳужжатларни тўплаш учун уч ойдан ярим йилгача вақт кетиши мумкин.

Муваффақият тарихи

Tashrangmetzavod recycling МЧЖ


Электрон чиқиндиларни қайта ишлаш билан шуғулланувчи Tashrangmetzavod recycling бошқарма қарамоғидаги корхона бор-йўғи бир ярим ойдан буён ишламоқда. Унга 50 киши жалб этилган. Фаолият кўрсатиши давомида 60 тонна электрон чиқиндини қайта ишлаган. Лойиҳавий даромади 40—50 фоизни ташкил этмоқда. Корхона қўшимча цехларни очиш ҳисобига кенгайтиришни режалаштирмоқда.

Рашит Картбаев якка тартибдаги тадбиркор

Рашит Картбаев ўзини Қорақалпоғистоннинг «санитари» деб атайди. У бизнесини энди бошлаган пайтларда унга жуда кам одам ишонган. Банк ҳам унга кредит беришдан бош тортган.

Шунда бизнесмен дўстларидан 5 минг доллар қарз олиб, ташландиқ цех ва тўрт гектар ерни бўлиб тўлаш шарти билан харид қилган ва 2011 йилда Қорақалпоғистонда чиқиндини қайта ишлаш бизнесининг асосчисига айланган. Бугунги кунга келиб Нукус шаҳар чиқиндихонаси 70 гектар майдонни эгаллайди. Ҳар куни бу ерга 150—160 тонна чиқинди олиб келинади. Корхона олти йил ичида черепица, суюқ обой, гўшт-суякли ун ва биологик ўғитлар ишлаб чиқаришни ўзлаштирди. Рашит ҳисоб-китобига кўра, икки йилдан сўнг бутун шаҳар чиқиндихонаси тўлиқ қайта ишлана бошлайди.

Чиқиндиларни қайта ишлаш бизнесининг рентабеллиги 80 фоизни ташкил этиши мумкин. Бундан келиб чиқиб, тўғри ташкил этилган корхона бир неча ойдаёқ харажатларни тўлиқ қоплайди деган хулосага келиш мумкин.

Ижтимоий йўналтирилган бизнесга қўшилинг.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Бизнес-ғоя: чиқиндини қайта ишлашдан даромад қилиш йўллари