Жиззахда 10 яшар бола зўрлангани юзасидан янги тафсилотлар очиқланди

Аввалроқ Жиззах шаҳрида 10 яшар болага нисбатан жинсий зўравонлик содир этилгани ва гумон қилинувчи кейинчалик вафот этгани ҳақида хабар берилган эди. Болалар омбудсмани мазкур ҳолат юзасидан қўшимча маълумот берди.
Дастлабки маълумотларга кўра, 2016 йилда туғилган вояга етмаган болага нисбатан жинсий зўравонлик ҳолати аниқланган. Бу ҳақда жабрланувчининг яқин қариндоши ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга маълум қилган.
Ҳозирда мазкур ҳолат бўйича суриштирув ва тергов ҳаракатлари давом этмоқда. Дастлабки маълумотларга кўра, гумон қилинувчи А.Р. процессуал ҳаракатлардан сўнг ўз жонига қасд қилган.
Тергов доирасида воқеанинг барча тафсилотлари, жумладан, ҳодиса билан боғлиқ бошқа ҳолатлар ҳам ўрганилмоқда. Шунингдек, тайинланган экспертиза натижалари кутилмоқда.
5 октябрь куни вояга етмаган болага Жиззах шаҳар «Инсон» ижтимоий хизматлар маркази томонидан кейс очилган. Бола дастлабки баҳолашдан ўтказилиб, унга психологик ёрдам кўрсатиш чоралари кўрилган.
Айни вақтда вояга етмаган бола хавфсиз жойга жойлаштирилган. Унинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, хавфсизлигини таъминлаш ҳамда руҳий ҳолатини барқарорлаштириш бўйича зарур чоралар амалга оширилмоқда.
Экспертиза хулосаси олингач, унинг натижалари асосида қўшимча чоралар белгиланиши маълум қилинди.






























Изоҳлар 0
…