Бухоро суд раиси хонасидан топилган 50 минг доллар юзасидан текширув бошланди

Бухоро суд раиси хонасидан топилган 50 минг доллар юзасидан текширув бошланди

Бухоро шаҳар суди раисининг хизмат хонасидан 50 минг доллар топилгани ҳақидаги хабарлар юзасидан Судялар олий кенгаши расмий муносабат билдирди.

Аввалроқ ижтимоий тармоқларда тарқалган хабарларда ушбу маблағнинг 10 минг доллари суд раисининг хонасида бўлган адвокатнинг чўнтагидан, қолган 40 минг доллари эса хонадаги шкафдан топилгани айтилганди.

Судялар олий кенгаши маълум қилишича, мазкур ҳолат бўйича адвокатга нисбатан тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда. Судянинг ҳаракатлари эса Кенгаш томонидан хизмат текшируви доирасида ўрганилмоқда.

Ҳозирга қадар тергов ва хизмат текшируви жараёнида судянинг адвокатдан пул сўрагани ёки олганини тасдиқловчи далиллар аниқланмаган.

Кенгаш маълумотига кўра, пул маблағлари адвокатнинг ёнидан ҳамда судянинг хизмат хонасига кириш қисмидаги шкафнинг очиқ, барчага кўриниб турадиган ўрта қисмидан расмий тартибда олинган.

Айни пайтда тергов ҳаракатлари ва хизмат текшируви давом этмоқда. Уларнинг натижалари юзасидан қўшимча ахборот берилиши билдирилган.

Судялар олий кенгаши фуқароларни тасдиқланмаган маълумотларни тарқатмасликка, айбсизлик презумпциясига риоя қилишга ва текширув якунланмасдан туриб шошилинч хулосалар чиқармасликка чақирди.

Изоҳлар 0

…

Мавзуга оид янгиликлар