Ишончини оқламаган ўғилдан отага қарздорлик ундирилди

Ишончини оқламаган ўғилдан отага қарздорлик ундирилди

Ота ва фарзанд ўртасидаги муносабатлар меҳр-оқибат, ишонч ва ўзаро ҳурматга асосланади. Бироқ, баъзан молиявий мажбуриятлар ўз вақтида бажарилмаслиги оқибатида энг яқин инсонлар ўртасида ҳам муаммолар юзага келади.

Тошкент вилояти Зангиота туманида ҳам шундай ҳолат кузатилди. Фуқаро фарзандига ишониб, унга қарз маблағи берган. Бироқ, қарз шартномасида белгиланган муддат ўтганига қарамай, маблағ ўз вақтида қайтарилмаган.

Натижада ота ўз маблағларини қайтариб олиш мақсадида нотариусга мурожаат қилишга, сўнгра эса қарздорликни ундириш учун нотариуснинг ижро хатини Мажбурий ижро бюроси органларига тақдим этишга мажбур бўлган.

Мазкур ижро ҳужжати асосида қарздорликни ундириш бўйича ижро ҳаракатлари олиб борилди. Давлат ижрочисининг саъй-ҳаракатлари натижасида отага фарзандидан шартнома бўйича ўз вақтида қайтарилмаган 66 миллион сўм қарз маблағи тўлиқ ундириб берилди.

Ушбу ҳолат бир ҳақиқатни яна бир бор эслатади: яқинлар ўртасидаги ишончни асраш, берилган ваъдага ва молиявий мажбуриятларга содиқ қолиш муҳим. Қарзни ўз вақтида қайтариш нафақат қонуний мажбурият, балки инсоннинг масъулияти ва омонатга бўлган муносабатини ҳам намоён этади.

Мажбурий ижро бюроси органларининг асосий вазифаси — суд ҳужжатлари ва бошқа ваколатли органлар ҳужжатларининг ижросини таъминлаш, қонуний манфаатларни ҳимоя қилиш ҳамда ундирувчиларнинг бузилган ҳуқуқларини тиклашдан иборат.

Изоҳлар 0

…

Мавзуга оид янгиликлар