11:26 / 07.07.2017
13 272

Қашқадарёда 1,5 ойлик чақалоқ майит ювувчининг қўлида тирилди

Қашқадарёда 1,5 ойлик чақалоқ майит ювувчининг қўлида тирилди
Қашқадарё вилояти болалар кўп тармоқли тиббиёт маркази жарроҳлари томонидан «ўлди» деб ота-оналарига топширилган бир ярим ойлик гўдак майит ювувчининг қўлида жонланди. Бу ҳақда ҳали ҳам ҳаёт учун курашаётган жажжи Муҳаммаджоннинг бувиси — Наргиза Қурбонова “Дарё” интернет-нашрига маълум қилди.

Муҳаммаджон Рашидов 2017 йил 14 май куни дунёга келган. Отаси ҳозир Россияда — «ҳовлининг томини шифер қиламан» деган мақсад билан ишлагани кетган. Лекин топган пули шиферга эмас, янги туғилган чақалоқни даволашга сарфланмоқда. Чақалоқнинг онаси Шаҳноза Ҳамидова ва қариндошлари, жумладан, бувиси Наргиза Қурбонова 16 майдан бери чақалоқнинг ҳаёти учун шифокорлар билан курашиб келади — худди шу куни Муҳаммаджон қайт қилишни бошлаган. Муваффақиятсиз даволаниш жараёни бир ойдан зиёд давом этган — турли шифокорларнинг бир-биридан фарқли ташхислари асосида берилган ҳар хил дори воситалари чақалоқнинг аҳволини яхшилаш ўрнига оғирлаштирган, қорни эса шишиб кетган.

Муҳаммаджоннинг аҳволи жуда оғирлашиб қолганидан сўнг, вилоят болалар кўп тармоқли тиббиёт маркази ёнидаги поликлиникадаги, чақалоқни биринчи марта кўрганида: «Бунинг касали бизники эмас», деган жарроҳ унга орқа томондан дори юбориб, аслида чақалоқнинг саломатлигидаги муаммо унинг орқа ичаги қайрилиб қолгани билан боғлиқ эканини маълум қилган. «Ичаги қайрилган экан-ку, операция қилиш керак», — деган шифокорлар. Чақалоқнинг онаси ва бувиси операцияга розилик билдирган.

Бироқ, Наргиза Қурбонованинг таъкидлашича, 28 июнь куни бўлиб ўтган операция ҳам осонгина бошланмаган. Чақалоқни операцияга тайёрлаши керак бўлган шифокорларнинг сан-соларлиги оқибатида аҳволи оғир Муҳаммаджоннинг тана ҳарорати +39,5 даражагача кўтарилиб кетган. Шифокорлар энди: «Чақалоқни бундай ҳарорат билан операция қила олмаймиз, ўлиб қолади», — деб турган.

«Ахир бу бола-ку, ҳайвон эмас-ку, деб додладим! Додлаб, бош шифокорнинг олдига йиғлаб тушдим. Касалхонага вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси раҳбари келган, дейишди, ўшанинг оёғининг тагига ўтириб йиғладим. У бориб кўргач, тезда операцияни бошлаш ҳақида кўрсатма берди. Икки соатдан сўнг, ҳарорати уколлар билан туширилганидан сўнг, операция бошланди», — дейди Наргиза Қурбонова.

Операция бошланганидан бир соат ўтгач, операция хонасига Наргиза Қурбонованинг ўзи таклиф қилинган. Шифокорлар унга чақалоқнинг қайрилиб қолган орқа ичаги ўн кун аввал ёрилиб кетганини айтиб, «15 кун аввал қаерда эдингиз?», деб савол қўйган, ваҳоланки Муҳаммаджон қарийб бир ярим ойдан бери айнан шу операция ўтказилган касалхонада даволанаётган эди. Операция охирида чақалоқ операцияни кўтара олмай, вафот этгани ва уни олиб кетиш кераклиги маълум қилинган.

«Бандалик». Бу вазиятда она ва бувининг аҳволини таърифлаш шарт эмас. Расм-русуми билан ҳодиса ҳақида қон-қариндошларга маълум қилинган, тайёргарлик кўрилган, мозорда жажжи болакай учун жой ҳозирланган. Шифокорлар: «Ўлди», деган чақалоқ операциядан уч соат ўтиб, майит ювувчига топширилган. «Майит ювувчи энди ишга киришаман деса, чақалоқ қўлини ёзиб, мурда ювувчига қараб турганмиш. Дод деб, бола тирик, деб чиқишди», — деди Наргиза Қурбонова.

Чақалоқ шошилинч равишда яна касалхонага олиб борилган, жонлантириш бўлимига жойлаштирилган. «Дўхтирларнинг ҳаммаси ҳайрон. Чақалоқни ўраб берган санитар аёл ўша ернинг ўзида ҳушидан кетиб қолди… Мана, тўққизинчи кун ўтди, болам яшаяпти», — дейди Наргиза Қурбонова. Лекин, бувининг айтишича, мўъжиза туфайли омон қолган болага шифокорлар ҳозир ҳам етарлича эътибор қаратмаяпти.

«Қачон бош шифокорнинг олдига тушиб, йиғлаб-бақирсам, дўхтирлар болага қарайди, бўлмаса — йўқ. Дори бепул деб ёзиб қўйган, лекин охирги шприцигача ўзим олиб келдим. Дори-дармонини ҳам олиб келяпман, боламга қарасин деб, дўхтирнинг тушлик-кечки овқатларини ҳам олиб беряпман. Мени тўғри тушунинг, бундай вазиятда, керак бўлса, жонингизни ҳам бериб юборасиз, овқат нима деган гап», — дейди Наргиза Қурбонова.

Қорни очиқ, ахлати махсус қувурча билан ташқарига чиқариб ташланаётган Муҳаммаджон ҳаёт, ўзи-да ҳаёт учун курашмоқда — бувисининг айтишича, ҳар куни сут эмяпти. Бироқ шифокорларнинг муносабати, Наргиза Қурбонованинг айтишича, қониқарсиз — қорни очиқ бола ётган Қашқадарёдаги касалхонада на кондиционер, на вентилятор бор; операция қилинган жойлари эса «қизариб, газак олиб кетган». «Майли, Худо боламнинг тақдирига умрдан берган бўлса, яшаб кетар. Лекин бошқаларнинг ҳам фарзандини бундай хароб қилишмасин!», — дейди Наргиза Қурбонова кўзда ёш билан.

Мазкур ҳолат юзасидан «Дарё» интернет-нашри таҳририяти шошилинч изоҳ олиш мақсадида Қашқадарё вилоят Соғлиқни сақлаш бошқармаси ва Қашқадарё вилоят болалар кўп тармоқли тиббиёт маркази билан боғланишга уринди, бироқ ҳозирча уринишлар жавобсиз қолди.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Қашқадарёда 1,5 ойлик чақалоқ майит ювувчининг қўлида тирилди