09:10 / 12.07.2017
5 974

Ерга тушиш вақти келди: муаммо ҳал бўлиши учун кимдир шикоят қилиши шартми?

Ерга тушиш вақти келди: муаммо ҳал бўлиши учун кимдир шикоят қилиши шартми?
7 июль куни “Ўзбекистон” телерадиокомпанияси ташаббуси билан ўтказилган Халқаро пресс-клубда журналистлар томонидан “Ўзбекистондаги умумий ўрта таълим мактабларида фаолият юритаётган ўқитувчиларнинг ободонлаштириш ва дала ишларига мажбурий жалб этилиши тўғрими? Сенаторлар ва қонунчилик бунга қандай муносабат билдиради?”, деган саволига сенаторлардан бири “Республикамизнинг турли ҳудудларида, вилоятлар бўйлаб депутатлар билан ўтказилган учрашувларнинг ҳали бирортасида ўқитувчи биз бугун кўча тозалаяпмиз, деган шикоят билан чиққани йўқ. Улар биз билан учрашувларда мажбурий меҳнат ҳақида оғиз очаётгани йўқ ва бундай ҳолат кузатилмаган”, деган жавобни берди.

Бу жавоб эса инсонни бироз мушоҳадага чорлайди ҳам ўйлантиради. Хўш, бу борада аслида ким ҳақ? Учрашувларда қоп-қоп ваъдани бериб, бир олам мақтов эшитиб қайтган сенаторларми ёки қўли косовга айланган, маърифатли “мардикор” сифатида қаралаётган ўқитувчиларми?..

Барчамизга маълумки, бундай тадбирлар ёки очиқ мулоқотлар қандайдир муаммо ҳал этилиши, қайсидир масала юзасидан бир тўхтамга келиш мақсадида ташкил этилади. Халқ ҳам шунинг учун уларни умид билан томоша қилади. Аммо жаноб мутасаддилар бу сафар муаммога ечим бермасдан, уни айланиб ўтиш орқали уддабуронлик билан ўзларини оқлашди. Бунга, албатта, қойил қолмасдан илож йўқ. Сабаби, ўқитувчи, шифокорлар, мактабгача таълим муассаса вакилларининг анчадан буён ҳам мардикор, ҳам ўзининг белгиланган вазифасига устма-уст топшириқ олиб, фаолият юритаётгани тўғрисидаги муаммо барчага кундек равшан-ку. Бу масала қачонлардан буён ўз ечимини кутиб, чарчаган, чайналган дардга айланиб улгурди ахир. Наҳотки, бундай ошкора муаммоларга ҳам қандайдир мурожаатлар ёки шикоятлар шарт бўлса?

Тўғри, халқимизни кўпинча андишаликда, ориятлиликда айблаймиз. Муаммо газак олиб кетмагунча жим ўтиришига шаъма қилиб юрамиз. Қизиқ, қайсидир муаммо юзасидан қачонки шикоят келиб тушсагина, уни ҳал қилишга киришиш керакми? Хўш, бундай шикоятни ким беради? Ўзи зўрға ишга кирган, оиласини боқиш учун иқтисоди ҳаминқадар бўлган ўқитувчими? Ахир халқни фақат юқоридан кузатиб эмас, унинг ёзма мурожаатини кутиб ўтирмасдан, жамият муаммосини сидқидилдан ўрганиш вақти келмадимикан?

Кечирасиз-у, агар қадрли депутатларимиз фақат сайловолди ташвиқот ишларида эмас, сайловдан кейин ҳам мен бу ердаман, сайланишдан аввал сизларга бир қоп ваъдалар бергандим, бугун муаммони ҳал этишга келдим, деб турсалар, одамлар дардини айтишга хожат ҳам қолмаган бўларди. Агар шундай бўлганида бугун мурожаатларга тўлиб кетган халқ қабулхоналарига эҳтиёж сезмасмидик?..

Юқорида сенаторимиз таъкидлаб ўтганидек, агар муаммони ўқитувчиларимиз депутатларимизга билдиришлари керак бўлса, аввало, депутатларнинг ўзлари ким, бугунги кунда бу вазифада кимлар фаолият юритяпти, уларнинг елкасидаги вазифалар нималардан иборат, деган саволга оддий халқ қандай жавоб бераркан? Тўғри, улар халқнинг ишончли вакиллари ҳисобланиши ҳақида ҳамма бирдек хабардор. Лекин бугун одамлар ким депутату, ким сенатор эканини билишармикан? Уларнинг бирор марта ўз ташаббуси билан халқнинг қайсидир муаммосини ҳал этиб, кимларгадир ёрдам қўлини узатганини эслай оламизми? Менимча, йўқ. Бунинг учун уларга албатта, қандайдир мурожаатлар ёки ёзма шикоятлар керак.


Манба: Qalampir.uz

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Ерга тушиш вақти келди: муаммо ҳал бўлиши учун кимдир шикоят қилиши шартми?