15:50 / 13.07.2017
9 558

Гўшт нархининг ошиши сабаблари маълум қилинди

Гўшт нархининг ошиши сабаблари маълум қилинди
Бугунги кунда кенг муҳокамаларга сабаб бўлаётган гўшт нархи ошиши билан боғлиқ сабабларга “Даракчи” нашри ойдинлик киритишга қарор қилди.
Республика бўйлаб бу ҳолатнинг кузатилишига сабаб нима? Журналист пойтахт деҳқон бозорларида суриштирув ўтказди.

Суриштирувда маълум бўлишича, Чорсу деҳқон бозорида лахм гўштларнинг нархи 1 кг. учун 35 000 сўмдан 36 000 сўмгача, суякли гўштлар эса 28 000 сўмдан 30 000 сўмгача сотиляпти. Маълумот учун: ўтган ойда айни шу турдаги, яъни суяксиз лахм гўшт 28 000, суяклиси эса 25 000 сўмдан харидорларга етказилган. Ўртадаги тафовутни ўзингиз ҳисоблайверинг.

Суриштирув жараёнида бошқа гўшт маҳсулотларнинг нархида ҳам худди шундай ўсиш борлигига гувоҳ бўлинди: масалан, суяксиз от гўшти 1 кг. учун 25.000 30.000 гача; жигар 20.000 22.000 гача; қази 52.000 (хоми ҳам, тайёри ҳам); қийма 20.000 сўмдан 25.000 сўмгача… Бу нархлар ҳам ўтган ойдагига нисбатан турига қараб камида 3000 сўмгача ўсган.

“Қўйлиқ” деҳқон бозоридаги суриштирувда ҳам худди шундай нархлардаги ўсишга гувоҳ бўлдик: бу ерда ҳам лахм гўштлар 30 000 сўмдан 32 000 сўмгача нархда сотилмоқда. Сотувчининг таъкидича, ўтган ойда айни шу турдаги гўштлар 25 000 сўмдан 28 000 сўмгача харидорларга етказилган.

Қассобларнинг қайд этишича, нархлардаги бундай ўзгаришларга вилоятлардан мол олиб кириш қийин бўлаётгани, чорва моллари учун ем-хашакларнинг нархи ҳам кўтарилгани уларнинг гўштга нисбатан шундай нарх қўйишига сабаб экан. Шунингдек, гўштлар сифатига қараб ҳам нархланади, дейди қўшимча изоҳ бериб сотувчи.
Катта савдо марказларда лахм мол гўшти 1 кг. 39.490 дан 39.990 гача, қўй гўштиники эса 1 кг. учун 28.000 31.990 гача нархда савдога қўйилган.

Гўшт нархи нимага ошаётгани ҳақидаги савол билан «Ўзбекозиқовқатхолдинг»га мурожаат қилинди.
Бозор иқтисодиёти шароитида гўшт нархи талаб ва таклиф, шунингдек уни ишлаб чиқариш ҳаражатларидан келиб чиқиб белгиланади. Шу муносабат билан бозорда гўшт нархи ишлаб чиқарувчилар (хўжалик субъектлар) томонидан белгиланади – дейилади ташкилот жавобида.

Нарх ошишига олиб келаётган омиллар орасида қуйидагилар келтирилади:
Мавсумий омиллар. Аксарият чорва моллари шахсий томорқаларда эканлигини инобатга олиб, баҳорда моллар яйловларга юборилади. Молларнинг озғинлиги боис уни сўйиш камаяди. Натижада гўштнинг харид нархи ошиб кетади.

Ем нархининг ошиши. Озуқа маҳсулотларининг баҳоси қимматлиги ҳам гўшт нархи ошишига олиб келади.
Ўзбекистон Республикаси Товар хома ашё биржасининг жорий йил 15 июнь маълумотларига кўра, омухта емга 2017 йил 5-9 июнда белгиланган нархлар 1 тонна учун 556 624 сўмни ташкил этмоқда. Демак, 1 кг. омухта емнинг нархи 556 сўм, яъни ўсиш кузатилган. Кунжара, яъни пахта чигити шротининг нархи ҳам жорий йил 5-9-июн саналарида 1 тонна учун 971 499 сўм қилиб белгиланган. Бу 1 кг. учун 971 сўм дегани.

Бу озуқа маҳсулоти эса арзонлашгани қайд этилган. Арпанинг нархи худди шу даврлар учун 1 тоннага 595 404 сўм белгилангани ҳолда, бунда ҳам нархнинг арзонлашгани кўрсатилган. Ушбу маълумотлар билан танишгач, Товар хом-ашё биржаси белгилаган нархлар жойларда ҳам худди шу миқдорда амал қиляптими, деган саволга жавоб топишга уриндик.

Суриштирувимиздан маълум бўлишича, жойларда 1 кг. омухта емнинг ўртача нархи 1800 сўм, кунжараники 2200 сўм, арпаники эса 1200 сўм экан. Давлат белгиланган ва чорвадор харид қилаётган ҳақиқий нархлар ўртасидаги тафовутни англаш учун у қадар катта савод талаб қилинмайди, бизнингча. Эҳтимол, бугун бизни ўйлантирган муаммонинг илдизи айни шу тафовутдадир балки.

Нархнинг ошишига сабаб бўлаётган яна бир омилни ҳам қайд этиш лозим. Яқингача Ўзбекистонда гўшт экспорти тақиқ остида бўлган бўлса, бугун Президентнинг “Маҳсулотлар экспортини рағбатлантириш қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони билан гўшт ва гўшт маҳсулотларини четга олиб чиқиш имкони пайдо бўлган. Айни дамда товуқ гўштини экспорти бўйича Қарор лойиҳаси тайёрланмоқда. Шу муносабат билан ушбу маҳсулотнинг ҳам нархи ошиши эҳтимолдан ҳоли эмас.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Гўшт нархининг ошиши сабаблари маълум қилинди