23:04 / 14.07.2017
8 875

Иш вақтида тор шим ва ичкийимда юрган нотариал идора хонимлари

Иш вақтида тор шим ва ичкийимда юрган нотариал идора хонимлари
Ўзбекистонда сўнгги кунларда жазирама кузатилди. Ҳатто кўчада юриб бўлмай қолди. Гидрометеорология хизмати маркази ҳозирча ҳаво ҳароратини 45 даражадан оширмади. Майли, бунисига индамаймиз, бошқа масала. Ҳозир биз бундан қолишмайдиган ажойиб “манзара” ҳақида гаплашамиз.

Тошкент шаҳридаги нотариуслар ҳақида кўп гапирилди, ёзилди. Уларнинг ўз ишига нисбатан масъулиятсизлиги, муомаласининг қўполлиги, таъмагирлиги ҳақида бот-бот эсланди ва бу ҳолат давом этяпти. Ҳатто “Тараққиёт стратегияси” маркази бу борада махсус сўров ўтказиб, аҳолининг нотариал идоралар ҳақидаги фикрларини ўрганиб чиқди. Балки чора ҳам кўрилиб қолар.

Ёзнинг қайноқ кунларидан бирида аста нотариусга йўл олдим. Тошкент шаҳар Мирзо Улуғбек туманидаги 2-сонли нотариал идора қўп қаватли уйларнинг биринчи қаватида жойлашган экан. Одатдагидек одамлар эрталабдан навбатда туришибди. Албатта, бу табиий ҳол.

Қуёш нурлари борган сари қиздириб, кун исиши тобора авж ола бошлади. Навбатда турганларнинг қатори эса ҳеч камаймасди. Уларнинг орасида ёш болали аёллар, ҳомиладорлар, кексалар, касалмандлар, турли тоифадаги одамлар бор. Жазирама эса ҳаммага ҳар хил таъсир қилади.

Ҳайрон бўлиб, ичкарига бўйнимни чўздим. Одам бормикан, нега бунча куттиришларининг сабабини билмоқчи бўлдим. Ичкарида нотариал идора ходимлари ҳар хил ҳолатда: бири оромкурсига ястанган, бошқаси сув ичиш билан банд, 2 нафар қиз бир-бирига кулиб, телефонида бир нималарни кавлаб ўтиришибди. Энг даҳшати...

Энг даҳшати, уларнинг барчаси енгил ичкийимда (лямка) ва оёқларида тор шим, муздеккина кондиционер остида маза қилиб ўтиришибди. Ташқаридаги одамлар билан иши йўқ. Тўғри-да, қорни тўқнинг қорни оч билан нима иши бор? Суриштирсам, ушбу идоранинг нотариуси Қўлдошева фамилияли аёл экан.

Энди уларнинг муомаласи яна бир бошқа мавзу. Навбатда турганлар орасида адвокат йигит бор экан. Унинг айтишича, нотариал идора ходимлари расмий кийимда бўлиши керак экан. Бу гап Қўлдошевага етиб борганда тутоқиб кетди: “Менинг кетимдаги шим билан сизнинг нима ишингиз бор?”

Ҳа, “Тараққиёт стратегияси” маркази ўтказган сўровда одамларнинг жавобларидан тўғри хулоса чиқарилган экан: 64.9% респондентлар нотариал идоралар хизматидан фойдаланганда ноқонуний хатти-ҳаракатларга гувоҳ бўлганлар; респондентларнинг 678 нафари нотариал идоралар ходимлари прейскурантда белгиланганидан кўпроқ ҳақ талаб қилганликларини билдирганлар; 788 нафари нотариал тасдиқлаш учун бир неча соат ёки кунлаб вақт кутиш муаммоси мавжудлигини билдирганлар.

Кези келганда эслатиб кетиш керак, Ўзбекистон Республикасининг “Нотариат тўғрисида”ги Қонунининг 3-моддасида шундай дейилади: “Нотариус Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Олий малака комиссиясининг мажлисида қуйидаги мазмунда қасамёд қилади: “Нотариус вазифасини ҳалол ва виждонан бажаришга, Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ва қонунларига қатъий риоя этишга тантанали қасамёд қиламан”.

Буларни ким назорат қилади? Албатта, Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги. Ушбу ҳолатдан вазирликнинг бехабар ё хабардорлигидан хабаримиз йўқ. Лекин “шпионларча” одам юборса, ўзлари гувоҳ бўлишлари мумкин. Агар бундай муаммоларни ҳал қилишни истасалар.

Манба: Qalampir.uz

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Иш вақтида тор шим ва ичкийимда юрган нотариал идора хонимлари