Ўзбекистон Президенти кеча мамлакатимиз ижод аҳли билан ўтказган учрашувда етакчи ижодий ташкилотларнинг “дўстлари клублари”ни ташкил этиш масаласини илгари сурди.
“Бугун маърифатли дунёда шундай анъана мавжудки, йирик компаниялар, банклар, фирмалар маданий ташкилотларга ҳомийлик қилишни ўзлари учун шараф деб биладилар. Баъзан, қани эди, бизда ҳам шундай ҳомийлар кўпайса, деб орзу қиламан. Аждодларимиз ўз даврида яратган илмий ва ижодий мактабларнинг вужудга келишида аввало ана шундай маърифатпарвар ҳомийларнинг ҳиссаси ҳал қилувчи аҳамият касб этгани яхши маълум. Шундан келиб чиққан ҳолда, яна бир таклифни ўртага ташламоқчиман. Юртимиздаги етакчи ижодий ташкилотларнинг “дўстлари клублари”ни ташкил этсак, уларга йирик корхона, банк ва компанияларни ҳомий сифатида бириктириб қўйсак, шартнома асосида уларнинг доимий ҳамкорлигини йўлга қўйсак, нима дейсизлар?
Масалан, Миллий банк раҳбари Сухроб Холмуродов биз Ўзбекистон давлат консерваториясини оталиққа оламиз, “Консерваториянинг дўстлари клуби”ни тузиб, унга раҳбарлик қиламиз, деган ташаббус билан чиқяпти. Олмалиқ кон-металлургия компанияси раҳбари, сенатор Александр Фармонов эса “Биз Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институтининг дўстлари клубига раҳбарлик қилсак”, деган таклифни билдиряпти. Халқ банки “Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг дўстлари клуби”га раҳбарлик қилмоқчи. Яқинда фаолияти тўхтаб қолган Театр арбоблари уюшмасини қайта тиклаш тўғрисида таклифлар билдирилмоқда.
Бу уюшма фаолиятига “Ўзпахтасаноатэкспорт” холдинг компаниясининг ҳомийлик қилиш ҳақидаги ташаббусини биз албатта қўллаб-қувватлаймиз. “Ўзозиқовқатсаноатхолдинг” холдинг компанияси Юнус Ражабий номидаги мақом ансамблига ҳомийлик қилмоқчи. “Ўзкимёсаноат” акциядорлик жамияти Ўзбек Миллий академик драма театри билан ёнма-ён жойлашган. Компания раҳбарияти “Қўшнимга ёрдам кўрсатаман, Миллий театрнинг дўстлари клубига раҳбарлик қиламан”, деяпти. Раҳмат уларга.”
Президентнинг қайд этишича, шулар қаторида Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон давлат академик катта театрига – “Ўзбекнефтгаз” миллий холдинг компанияси, Ўзбек давлат драма театрига – Ўзбекистон ёшлар иттифоқи, Муқимий номидаги Ўзбекистон давлат мусиқали театрига – “Ўзсаноатқурилишбанк”, Республика ёш томошабинлар театрига – Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги, Республика қўғирчоқ театрига – “Ўзэлтехсаноат” компанияси ҳомийлик қилиш истагини билдирмоқда.
Ўзбекистон давлат мусиқали комедия (оперетта) театрини эса – “Капиталбанк”, Ўзбекистон академик рус драма театрини – “Ўзагросуғурта” компанияси, Ўзбекистон ёшлар театрини – “Ўзметкомбинат” акциядорлик жамияти, Республика сатира театрини – “Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамияти, “Томоша” болалар театр-студиясини – “Алоқабанк”, “Дийдор” театр-студиясини – “Микрокредитбанк” акциядорлик тижорат банки оталиққа олмоқчи.
Худди шу асосда Бастакорлар уюшмасига – “Асака банк”, Рассомлар уюшмасига – “Ўзвиносаноатхолдинг” компанияси, Тошкент давлат миллий рақс ва хореография олий мактабига – “Ипотека банк”, Миллий рассомлик ва дизайн институтига – “Ўздонмаҳсулот” компанияси, “Ўзбеккино” миллий агентлигига – “Ўзавтосаноат” компанияси, Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмасига – Республика товар-хомашё биржаси ҳомий бўлиш ташаббуси билан чиқмоқда.
Мамлакатимиздаги етакчи музейларни, аввало Адабиёт музейини молиявий қўллаб-қувватлаш ишларини ташкил этиш бўйича Молия вазирлиги ва Давлат солиқ қўмитаси раиси Ботир Парпиев амалий таклифлар билдирмоқда.
“Айни вақтда Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоят ҳокимликлари ўз ҳудудларидаги театрларга ҳомийлик қилиб, уларнинг фаолиятини кучайтириш учун 1 миллиард сўмдан маблағ ажратиш ниятида экани барчамизни хурсанд қилмоқда. “Ўтган кунлар” фильмида Юсуфбек ҳожи айтганидек, қаранг, бизнинг шундай маърифатпарвар раҳбарларимиз бор экан-у, биз бехабар юрган эканмиз. Келинглар, барчамизнинг номимиздан уларга раҳмат айтиб, ишларига муваффақият тилайлик.
Мен ишонаман, бу раҳбарларимиз ижодий уюшмаларга нафақат моддий, балки энг аввало, маънавий ёрдам берадилар. Яъни, оила аъзолари, меҳнат жамоалари билан биргаликда театрларга, кино ва кўргазма залларига, концертларга бориб, бошқаларга намуна кўрсатсалар, нур устига нур бўларди”,
дейди давлатимиз раҳбари.
Манба: Darakchi.uz “Замин” янгиликларини “Telegram”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
Энди операциядан сўнг кесмалар ўрни икки баробар тезроқ битиши мумкин
Организм ўзини токсинлардан қандай тозалайди?
АҚШ ҳарбийлари орасида ўз жонига қасд қилиш кўпайди
Буйрак саломатлиги учун энг фойдали сабзавот...
АҚШ Исроилнинг икки вазирига санкция қўлламоқчи
Дональд Трамп 27 ёшли Каролин Левиттни Оқ уй матбуот котиби этиб тайинламоқчи
Яхши пишган ва мазали анор танлашга ёрдам берадиган тавсиялар
Apple донгдор икки айфонини расман эскирган деб эълон қилди