13:14 / 09.08.2017
8 489

Жангарилар сафига қўшилган Ўзбекистон фуқароси ўз оиласини Сурияга олиб кетаётганда қўлга олинди

Жангарилар сафига қўшилган Ўзбекистон фуқароси ўз оиласини Сурияга олиб кетаётганда қўлга олинди
Сўх туман суди 27 ёшли Аброриддин Низомовга 6 йиллик қамоқ жазоси тайинлади.
Фарғона вилоятининг Сўх туманида “Жабҳат ан-Нусра” террорчилик ташкилотига қўшилишни мақсад қилган фуқаро аниқланди.
Маълум бўлишича, 3 ака-ука Аброриддин, Аҳкомиддин ва Иброҳим Низомовлар диний экстремистик оқими домига тушиб қолган. Улар Сурия ҳудудига ўз оилаларини ҳам олиб кетишни мақсад қилишган эди.

Воқеанинг шу даражага етиб келиши бир неча йил аввалги ҳодисага бориб тақалади. 2014 йилда Аҳкомиддин Низомов ишлаш учун Владивосток шаҳрига жўнаб кетади. У ерда эса у “Жиҳодизм” диний ташкилот тарафдорлари орасига тушиб қолади. Шу тариқа, у гуруҳ аъзолари томонидан илк таълимни олиб, кейинчалик “Ал-Азхар” университетида ўқиш учун Мисрга кетади. 2015 йилда эса Сурияга хижрат, яъни диний сафар уюштирган.

“Жабҳат ан-Нусра” ташкилотининг жангарисига айланган Аҳкомиддин Низомов Иброҳим ва Аброриддин Низомовни ҳам жанг қилиш учун оилалари билан Сурияга келишларини сўрайди.
Бу пайтда Қозонда ишлаган Иброҳим Озарбайжон орқали Туркияга жўнаб кетади. Бу ердан Сурияга ўтишни мақсад қилган эди.
Аброриддин Низомов ҳам Аҳкомиддиннинг чақирувини олгач, кетиш учун тайёрланади. У оиласига тегишли барча мол-мулкни сотиб, 2016 йил октябрь ойида ноқонуний равишда Қирғизистонга жўнаб кетади. У ерда Мурод исмли киши билан танишиб, оиласини Ўзбекистондан олиб чиқиб кетиш режасини тузади.

Ака-укаларнинг онаси Саидби Низомова, Аброриддиннинг рафиқаси Бибисалима, 2 нафар вояга етмаган фарзандлари, Иброҳимнинг рафиқаси Шарифахон ва унинг 3 нафар вояга етмаган болалари Сўх тумани ҳудудидан чиқиб кетишади. Қирғизистоннинг Баткент вилояти Қадамжо туманида уларни Аброриддин ва Мурод кутиб олиб, Ўш шаҳрига олиб боришади.

Низомовлар оиласи Ўш шаҳридаги хонадонлардан бирига жойлашадилар, Аброриддин эса Сурияга ўтиш режасини тузади. Унга бу борада Қозоғистон фуқароси Олжейс кўмаклашади. У Низомовлар оиласи аъзоларига қалбаки ҳужжатлар тайёрлаб беради. Сохта ҳужжатларга кўра, Аброриддин Низомов Тожикистон фуқаросига айланади. Шундан сўнг, Олжейс Низомовлар оиласини Бишкекдаги хонадонга кўчиради.

2016 йил декабрь ойида Низомовлар оиласи қирғиз-қозоқ чегарасини босиб ўтиб, Тараз шаҳрига етиб боришади. 2017 йилнинг январь ойида улар Қозоғистон ҳуқуқни сақлаш идоралари томонидан қўлга олиниб, Ўзбекистонга юборилди.

Qalampir.uz cайтининг хабар беришича, Сўх туман суди тўпланган маълумотлар асосида 27 ёшли Аброриддин Низомовни Жиноят кодексининг 223 моддаси (чет элга ноқонуний равишда чиқиш ва Ўзбекистон Республикаси ҳудудига ноқонуний кириш), 228 моддаси (қалбаки ҳужжатлар, штамплар, муҳр, бланк тайёрлаш ва улардан фойдаланиш), шунингдек, 244-2 моддаси (диний экстремистик, сепаратистик, фундаментал ёки шу каби тақиқланган ташкилотларда иштирок этиш, ташкил этиш ва бошқариш) бўйича айбдор деб топилиб, 6 йилга қамоқ жазоси тайинлади.

Унинг онаси ва рафиқаси, шунингдек, Иброҳим Низомовнинг рафиқаси ноқонуний равишда чет элга чиқиб кетгани ва Ўзбекистонга ноқонуний киргани учун уларга нисбатан 2 йиллик қамоқ жазоси тайинланди.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Жангарилар сафига қўшилган Ўзбекистон фуқароси ўз оиласини Сурияга олиб кетаётганда қўлга олинди